“Жойимдан тура олмасам, 17 йиллик кредитни қандай тўлайман?” — муаммо қаршисида ёлғиз қолган аёл
Қизилтепалик Санобар Шарипова – икки фарзанднинг ёлғиз боқувчиси, 1-гуруҳ ногирони. Уч йил аввал оиланинг уйли бўлиш орзуси ушалган, бироқ дастлабки бадали давлат томонидан тўлаб берилган бу уйнинг яна 17 йиллик кредит тўлови бор. Аёл эса фақат ногиронлик нафақаси ва алимент пули билан рўзғор тебратади.
Шу йилнинг 8 октябрь куни Янги-Ангрен ИЭС атрофидаги ҳудудда металлолом излаётган 34 ёшли аёл тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бундай аянчли тақдир эгалари атрофимизда кўплаб топилади. Аммо фалокат содир бўлмагунча уларга эътибор қаратмаймиз. Kun.uz'нинг навбатдаги ҳаётий ҳикояси шундай тақдир эгаларидан бири ҳақида.
Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани Маликобод қишлоғида истиқомат қилувчи Санобар Шарипова 11 йил муқаддам турмушидан ажрашган. Иккита ёш гўдаги билан ёлғиз қолган аёл учун бу жараён оғир кечади. Отасини соғинган фарзандларининг йиғлашлари, тақдирнинг кутилмаган зарбаси унинг саломатлигида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлди. Аёл айни пайтда 1-гуруҳ ногиронига айланган. Кетма-кет мураккаб жарроҳлик операцияларини бошдан ўтказмоқда.
“Рўзғор ишлари у ёқда турсин, мустақил бирор иш қила олмайман, жойимдан тура олмайман. Иккала оёғим ҳам ишламайди, қўлларим ҳам шу аҳволда. Овқатимни ўзим амаллаб ейман. Бошқа ҳеч нарса қила олмайман. Фарзандларим эрталаб овқатимни бериб, устимдан қулфлаб мактабга кетишади. Қўни-қўшни орада хабар олишади, йўқса болаларим келгунча бир жойда ётаман. Кунларим шундай ўтяпти.
10 йил аввал икки нафар фарзандим билан турмушимдан ажрашдим. Болаларим жуда ёш эди, отасини соғиниб йиғларди. Уйланмаган укаларим бор эди. Ажрашган аёл сифатида одамлар орасида бош кўтариб юришга уялардим, бу жуда қаттиқ таъсир қилди менга. Тушкунликка тушиб, асабий бўлиб қолдим. Касаллигимга сабаб шу бўлган дейишади шифокорлар, яна билмадим. Асли тақдиримда бор экан.
Болаларим билан ижарама-ижара яшаб юрдик. Қаерда ижарада яшасак, болаларимнинг мактабини ҳам ўша ерга кўчиришга тўғри келарди. Сарсон-саргардон яшаб кўчада ҳам қолдик, баъзида нонга ҳам пул тополмай қолган пайтларимиз бўлди. Уй олиш учун умид билан ҳокимиятга ариза ёздик. 3 йил аввал бизга ҳам уй берилди.
Уйимизнинг биринчи тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Ўз уйимизга эга бўлганимиздан болаларим билан беҳад хурсанд эдик. Лекин кредит асосида берилган бу уй учун тўлов қила олмаслигим аён эди. Тўлолмаслигимни айтиб, туман хотин-қизлар билан ишлаш бўлимига ҳам кирдим. “Ёрдам қиламиз, сиқилманг, ҳомий топилади”, дейишди улар.
Кўчиб кириб яшай бошладик, аммо ой сайин уйнинг тўлови учун банкдан одам келиб пул тўлашим кераклиги ҳақида огоҳлантириб бошлашди. Ҳар кун эшигим тагида банк ходимлари келиб, пул тўламасам уйдан чиқариб юборишларини айтишади. Лекин нима қилай? Иложим йўқлигидан ўтирибман, пулим бўлганда тўлардим.
Қанийди оёқ-қўлим бутун бўлганда, ишлаб тўлардим. Мен тиниб ўтирадиган аёл эмасдим, қараб ўтирмасдим, ишлардим. Тўрт томонга ўзимни урардим, меҳнат қилардим. Ҳеч бўлмаса қўлим ишлаганда ҳам майли эди – тикувчилик қилиб пул топардим. Буниям иложи йўқ.
Ҳозир ўғлим ихтисослашган мактабга ўқишга кирди. Униям ўзига яраша тўловлари бор экан. Ногиронлик нафақаси ва болаларим учун оладиган алимент ҳисобига яшаймиз. Лекин улар менинг дори-дармонига кетиб қоляпти.
Фарзандларим учун овқат тайёрлаб беришга ҳам ярамайман. Уйимизда доим ҳам иссиқ овқат бўлмайди. Шунақа шароитда яшаяпмиз ҳозир. Болаларимга баъзида овқат топиб бера оламан, баъзида йўқ. Шукрки улар ҳамма нарсани тушунишади. Ўзим қийналсам бунчалик эзилмасдим, лекин фарзандларимни шундай аҳволга солиб қўйганимдан виждоним қийналади.
Банк ходимлари келишганда болаларимнинг аҳволини тасаввур қила олмайсиз. Жудаям қийналишади, лекин менга билдирмасликка ҳаракат қилишади, аслида ўзлари жудаям тушкунликка тушиб қолишади. Соғлигим ёмонлашмаслиги учун мени аяшади. Чунки кучли оғриқлар билан яшаётганимни билишади. Болаларим ҳам ҳамма қатори яшашни, кийинишни, еб-ичишни хоҳлашади.
Уйимизнинг ҳали яна 17 йил кредит тўлови бор. Билмадим буни қандай тўлайман. Ўғлим ҳали 12 ёшда. У бунақа нарсаларни ўйлаш ўрнига ўқиши керак. Қийналганимни кўриб: “Ишлайман, пул топиб ҳеч бўлмаганда иккита нон олиб келаман. Рўзғор учун озгина ёрдамим тегсин. Шу уйнинг боқувчисиман, боқиманда бўлиб ўтирмайман” дейди. Лекин мен ҳали 12 ёш боламни қандай қилиб ишлатаман?
Ташвишим кўп, масъулиятим жуда катта олдимда...”
Санобар опага имкон қадар ёрдам беришни истаган юртдошларимиз учун: 8600 0424 4110 0020 (Санобар Шарипова номида).
Мавзуга оид
17:03 / 29.10.2024
Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
18:15 / 14.10.2024
Уй сотиб олишга бўлган қизиқиш пасайишда давом этяпти
22:30 / 27.09.2024
“Уй-жой бозори ҳалиям ёввойи ҳолатда” – экспертлар билан катта суҳбат
08:00 / 19.09.2024