Ўзбекистон | 11:29 / 02.11.2021
12019
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон хориждаги мухолифатни эшитишга ва ватанга қайтса, қўллаб-қувватлашга тайёр – Абдулазиз Комилов

Абдулазиз Комилов ҳукумат хориждаги мухолифатни эшитишга ҳамда улар ватанга қайтиб хизмат қилишни хоҳлашса, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди. Вазир Ўзбекистонда уларга нисбатан ҳеч қандай таҳдидлар йўқлигини таъкидлади.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

22 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россиянинг бир қанча нашрларига интервью берди. Суҳбатда НТВ мухбири хорижда Ўзбекистоннинг тизимлашмаган мухолифати қандай ғояларни илгари суриши ва жамият уларни қандай қўллаб-қувватлаши ҳақида савол берди.

«Ўзларини мухолифат деб ҳисоблайдиган кишилар гуруҳи ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг асосий қисми бугунги кунда хорижда. Бу инсонлар Ўзбекистонни сиёсий ёки шахсий қарашлари каби турли сабаблар билан тарк этган. Уларнинг кўпчилиги ўзларини мухолифат вакили сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бу уларга маълум статус, моддий ва молиявий ёрдам олиб туриш имконини беради.

Биз баъзида ушбу «мухолифат» вакиллардан мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун нималар қилиш мумкинлиги борасида режаларни эшитиб қоламиз. Лекин, кўпинча улар томонидан Ўзбекистонга умуман конструктив бўлмаган танқидлар айтилади. Менимча бу – мухолиф кайфиятдаги муносабат эмас, балки кўпроқ Ўзбекистондан узоқда жойлашган ўз шахсиятини кўпроқ намойиш қилиш хоҳиши билан боғлиқ», деди Комилов.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи мухолифатни эшитишга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.

«Давлат раҳбари ўз чиқишларида бир неча марта уларнинг фикрини эшитишга тайёрлигимизни, агар қайтиб ўз ватанига хизмат қилишни хоҳлашса, уларни қўллаб-қувватлашимизни айтди. Уларга нисбатан ҳеч қандай таҳдидлар йўқ.

Шунинг учун мен [уларни] нафақат тизимлашмаган, балки тарқоқ ва алоҳида шахслардан иборат деб айтган бўлардим. Кўп ҳолларда улар бир-бирлари билан ўзаро боғланмаган, ўзларининг орасида хориждаги мухолифат ичидаги биринчилик учун мусобақа кетади», дея қўшимча қилди Абдулазиз Комилов.

Мавзуга оид