Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонлик қизлар халқаро таълим дастури доирасида нано сунъий йўлдошни йиғиб, самога учиради – ЮНИСЕФ
Tech4Impact ННТ ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM - Science, Technology, Engineering and Mathematics) соҳаларига қизиқувчи қизлар учун UniSat халқаро таълим дастурини расман ишга туширди.
Қизларнинг космик тадқиқотларга қизиқишини оширишга қаратилган ушбу дастур UNICEF’нинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади, дея ёзмоқда Unicef.org.
«Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам турли сабабларга кўра ўғил болалар ва қизлар ўртасида компьютер саводхонлиги, техник таълим ва касб-ҳунар бўйича сезиларли фарқ сақланиб қолмоқда. UniSat таълим дастури бу тафовутни қисқартиришга, қизларни тегишли фан ва технологияларга рағбатлантириб, тегишли кўникмаларга эга бўлишларига ёрдам беради.
UniSat Ўзбекистон ёшлари ўртасида технологик соҳаларда гендер масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга ёрдам беради», дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
Дастур давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан танловдан ўтган 15-24 ёшли қизлар дастурлаш ва муҳандислик бўйича билимларини ошириш, шунингдек, жамоада ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмаларини яхшилаш имкониятларига эга бўлишади. Иштирокчилар нано сунъий йўлдошни лойиҳалаштириб, уни йиғади ҳамда стратосферага учиради. Бунда қизларга профессионал муҳандислар ва дастурчилар жамоаси ёрдам беради.
«Инновацион ривожланиш вазирлиги UniSat дастурини қўллаб-қувватлашдан мамнун. Ўзбекистон қизлари илм-фан, муҳандислик ва илғор технологиялар соҳасида ривожланиш учун катта салоҳиятга эга ва биз қизларни наносунъий йўлдошни учиришда ўз кучларини синаб кўришга таклиф қиламиз. Вазирликда нано сунъий йўлдошларни лойиҳалаш ва йиғиш учун барча шарт-шароитга эга лаборатория мавжуд бўлиб, вазирлик эшиклари ёшлар учун доим очиқ. Эҳтимол, STEM соҳалари сизнинг келажакдаги касбингизга айланади!», деди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова.
Ўқув дастурининг якуний босқичида нано сунъий йўлдошни йиғиш учун учта республикадан қизлар Қозоғистондаги Aл-Фаробий номли институтда йиғилишади. Нано сунъий йўлдошни Ўзбекистонда учириш 2022 йил 12 апрелига режалаштирилган. Қизларнинг ўзлари парвоз режасини тузиб, аэронавигация хизмати мутахассислари назорати остида нано сунъий йўлдошни Ўзбекистондаги майдондан учиради.
Ишлаб чиқилган ва стратосферага учирилган нано сунъий йўлдош қизларга Ер ва юлдузларнинг юқори аниқликдаги суратларини олиш имконини беради. Ўрнатилган сенсорлар келажакда илмий тадқиқотлар учун фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тўплайди.
«Биз ҳамкорлар билан Ўзбекистонда қизлар учун шундай ноёб дастурни йўлга қўйганимиздан мамнунмиз», деди Tech4Impact нодавлат ташкилоти раҳбари Саида Юсупова.
«UniSat дастурида иштирок этиш қизлар учун STEM соҳасида янги билимларга эга бўлиш, жамоада ишлашни ўрганиш, коинот ва сунъий йўлдошлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш, Ўзбекистоннинг ва дунёнинг энг яхши университетларига ўқишга кириш учун дарсдан ташқари машғулотларда тажриба орттириш, космос ва муҳандислик соҳасидаги машҳур аёллар билан танишиш учун ажойиб имкониятдир.
UniSat дастурига рўйхатдан ўтиш 10 ноябргача давом этади ва барча STEM фанларига қизиқувчи қизларни рўйхатдан ўтишга таклиф қиламиз», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
18:21 / 06.04.2026
ЮНИСЕФ Эрон расмийларидан болаларни ҳарбий хизматга ёллашни тўхтатишни талаб қилди
14:01 / 19.03.2026
ЮНИСЕФ: болалар ўлимига қарши курашдаги тараққиёт секинлашди
15:44 / 05.07.2025
ЮНИСЕФ: Украинада тобора кўпроқ болалар уруш қурбонига айланмоқда
15:14 / 04.06.2025