“Қалбингизни пок тутиб, фақат олға интилинг” — имконсизликдан имкон топганлар
Ҳаёт сенга лимон берса, сен унинг тахирлиги ҳақида эмас, ундан лимонад тайёрлаш ҳақида ўйла, деган эди америкалик ёзувчи Дейл Карнеги. Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукни навбатдаги қаҳрамонлари айни шу тамойил билан яшовчи инсонлардир.
“Ҳатто егулик тополмай қолган вақтларим бўлган” — оғир атлетика бўйича тўрт карра Ўзбекистон чемпиони
Исми Алижон, Бухоро вилояти Олот туманида туғилган:
— Етти ёшгача даволанганман, шундан кейингина юра бошлаганман. Бошланғич таълимни уй синфида ўқиб, 5-синфдан 30-сонли мактабга боришни бошлаганман. Оила аъзоларим мени бирдай кўришарди, кўча-кўйда ҳам ҳеч ким камситмасди. Мактабни тамомлагач, ўқишни имконияти чекланганлар коллежида давом эттирганман. Спортга кириб келишим ҳам айнан ушбу коллежда ўқиб юрган пайтларимга тўғри келади.
Спортнинг оғир атлетика турини танлаганман ва мураббийим бошчилигида ушбу спорт билан шуғулланишни бошлаганман. 2019 йили фаолиятимдаги биринчи катта мусобақа бўлиб ўтган. 54 кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллаганман.
Ҳозирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабасиман. Дарсдан кейин ишлайман, ишни тамомлаб машғулотларни бошлайман. Айни пайтда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш билан бандман. Умумий қилиб айтганда, ҳаётда бирон-бир нарсага эришиш учун ҳаракат қиляпман.
Инсон қалбини тоза тутиб фақатгина олдинга қараб интилиши керак. Шунда бири бўлмаса бошқа уриниши ўхшайди; ҳаракатга қараб Аллоҳ беради.
Кўчада юрган кезларимда 10 та инсон ёмон кўз билан қарайди. Бундай пайтларда ҳеч бўлмаса бир кишининг яхши назар билан боқиши менга таскин беради. Хафа бўлиб мураббийимга айтган вақтларим ҳам бўлган. Шунда у менга бу каби дилсиёҳликларга аҳамият бермаслигимни, келажакда олимпиада чемпиони бўлганимда ҳамма менга ҳавас билан қарашини айтадилар.
Спорт билан энди шуғулланишни бошлаган маҳалларда молиявий жиҳатдан кўплаб қийинчиликларга дуч келганман. Шу даражада қийналганманки, ҳатто ейишга нон ҳам тополмай қолган вақтларим бўлган. Ўшанда ҳатто спортни ташламоқчи ҳам бўлганман. Ўша вазиятда мураббийим мени қўллаб-қувватлаган, спорт билан шуғулланишни давом эттиришга ундаган.
Дастлаб бу спортни бошлаганимда 40-50 кг тош кўтариш ҳам мен учун қийин эди. Ҳозирда ушбу спорт билан шуғулланаётганимга 3 йил бўлди, тошлар оғирлиги 140-150 кг.гача етди. 4 карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим.
Энг катта орзуларимдан бири – Олимпиадада иштирок этиб, чемпион бўлиш ва ватанимиз байроғини юқорига кўтариш. Ота-онам ва устозимни Ҳаж сафарига олиб бориш ҳам энг эзгу мақсадларимдан бири.
Имкониятим чекланган бўлишига қарамай, келажакда фарзандларимнинг ҳеч кимдан кам бўлмасликларини, фахр билан Алижон чемпионнинг фарзандиман дейишларини орзу қиламан ва бунинг учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.
“Мақсадим – миллий санъатимизни халқаро майдонда намоён этиш” — мусиқа муаллими
Зокир Бердибоев, Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган:
— Оилада еттита фарзандмиз, мен уларнинг тўртинчисиман. 77-сонли махсус интернат боғчасида то 9-синфгача ўқиганман. Махсус интернатни тамомлаб, Тошкент маданият коллежида ўқишни давом эттирганман. Ўқишни тугатиб қишлоғимга қайтиб келгач, санъат бўйича ўз маҳоратимни оширдим. Оила аъзоларим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашган. Санъатга қизиқишимга ҳам айнан оила аъзоларим сабабчи бўлишган. Радиода устоз санъаткорларнинг мусиқаларини эшитиб, мен ҳам қўлимга тушган ҳар қандай предмет: челакми, столми олиб, чалиб кўришга ҳаракат қилардим.
Болалик хотираларимдан эсимда қолган: қиш фаслида дадам менга доира олиб келган эдилар. Овози яхши чиқсин деб печка олдида қизитиш учун қўйганман. Беш-ўн дақиқадан сўнг доира эриб кетган ва яроқсиз бўлиб қолган. Шундан сўнг доирани қиздиришга қўрқиб, қиздирмасдан чалиб юрганман. Чалишни ўрганган биринчи мусиқа асбобим айнан доира эди.
Бундан ташқари, махсус интернатда ўқиб юрган пайтларим баян, аккордеон, най, пианино, зарбли чолғулар ва электрон синтезаторлар чалишни ўрганганман. Мусиқа асбобларини чалишдан ташқари қўшиқ ҳам айтаман, дижейлик ҳам қиламан.
Кўзим ожизлиги – бу Аллоҳнинг синови. Кўзим ожиз бўлса ҳам эшитаман, юра оламан, исталган жойимга бора оламан. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон нолимайман. Энг катта орзум – ўзбек санъатида ўзим каби имконияти чекланган инсонлар жамоасини шакллантириш ҳамда ушбу ансамбль ёрдамида миллий санъатимизни халқаро майдонда намоён этиш. Ота-онамни Ҳаж сафарига олиб бориш ҳам энг улуғ мақсадим.
Ўзим каби имконияти чекланган инсонларни ҳам ҳаётда тўхтаб қолмасдан, ўзлари қизиққан соҳаларни ўрганишлари учун ҳаракат қилишга чақириб қоламан. Ҳеч нарсадан қўрқманг, кўнгилни чўктирмасдан фақатгина олдинга ҳаракат қилинг!
Иброҳим Саматов тайёрлади.
Тасвирчи – Азимжон Воҳидов.
Мавзуга оид
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024
“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси
18:18 / 20.09.2024
Она дуосини олмаган кишининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
13:43 / 12.09.2024