Ўзбекистон | 12:08 / 02.11.2021
3409
2 дақиқада ўқилади

Тирик донордан аъзоларни трансплантация учун олиш қандай ҳолатда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилади

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Фото: iStock

Маълум қилинишича, жорий йил 17-23 сентябрь кунлари қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида депутатлар, Қонунчилик палатаси девони ходимлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан ҳудудларда лойиҳадаги нормалар ва киритилган янгиликларни жамоатчиликка тушунтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилди.

Қонун лойиҳаси халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “Тирик донордан аъзоларни ёки тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин”, деган норма билан тўлдирилди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳоли ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдириб, аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид