Жамият | 18:14 / 03.11.2021
16609
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда машина симтўсиққа урилиб ёниб кетди. Унинг ичидагилар воқеа жойидан кетиб қолган

Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti “авария”га учради ва ёниб кетди.

3 ноябрь кунига ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳудудида, ТХАЙ кўчасида Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги симёғочга урилган. Тезлик юқори бўлганидан симёғоч қулаб тушган.

ЙТҲ оқибатида автомобилда ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

Тошкент шаҳар Йўл патрул хизмати бошқармаси ходими, подполковник Саидкамол Ёқубхўжаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, симёғочга урилган машинада икки киши бўлган, ҳайдовчи ва унинг ёнида бўлган йўловчи воқеа жойидан кетиб қолган.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Гувоҳлардан бирининг айтишича, ЙТҲ рўй берган вақтда симёғочдаги ёритиш тизимлари ишлаётган, йўл ёруғ бўлган. Шунга қарамай, ҳайдовчи автомобиль бошқарувини йўқотган.   

«Машинамизда кетаётганимизда бу Lacetti олдимиздан тахминан 200 км/соат тезликда ўтиб кетди. Буни кўриб биз тезликни пасайтирдик. У эса симёғочга бориб урилди. Кейин машина юмалаб кетди ва ёна бошлади. Ёрдам бериш учун бораётганимизда ҳайдовчи билан бир қиз таксига ўтириб кетиб қолишди», дейди у.

Кейинроқ ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу ҳодиса юзасидан маълумот бериб, ҳайдовчига шифохонада биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид