16:38 / 04.11.2021
11472

Ўзбекистонда пенсионерлар учун туристик чегирмалар жорий қилинди

Ноябрь ойи «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.

Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, республикадаги 223та жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари) хизматлари учун - 50 фоизгача, 204та умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.

«Uzbekistan Airways» АЖ томонидан 1-30 ноябрь кунлари республика ичидаги авиақатновларда 60 ёшдан юқори эркаклар ва 55 ёшдан юқори бўлган аёллар учун эконом ва бизнес тоифаларининг жорий нархларга 25 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.

Бундан ташқари, ноябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан мамлакат ичидаги амалдаги тарифларга 10 фоиз миқдорда ҳамда «Uzautotrans Service» МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар амал қилади.

Кексаларнинг зиёратгоҳ ва маданий мерос объектларига кириши учун Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги 6та зиёратгоҳга нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун 50 фоиз миқдорида чегирмалар белгиланган.

Маданий мерос агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 24та маданий мерос объектларига кириш учун 20 фоиз миқдорда чегирмалар жорий этилган.

Top