Жаҳон | 19:13 / 05.11.2021
7906
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўн йиллик рекордни янгилади

БМТнинг маълумот беришича, нархлар ўсишига қатор омиллар, жумладан, етказиб беришдаги узилишлар, хомашё нархининг юқорилиги, заводларнинг ёпилиши ва сиёсий кескинлик сабаб бўлган.

Фото: Getty Images

Дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи охирги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичга етди, деб хабар берди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO).

Охирги йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 30 фоизга ошган.

БМТнинг маълумот беришича, нархлар ўсишига қатор омиллар, жумладан, етказиб беришдаги узилишлар, хомашё нархининг юқорилиги, заводларнинг ёпилиши ва сиёсий кескинлик сабаб бўлган.

Дон нархи ўтган йилга нисбатан 22 фоизга ошган. Бунга биринчи навбатда буғдой нархининг кескин кўтарилиши таъсир қилди. Йирик экспортчиларда (Канада, Хитой ва Россия) ҳосил яхши бўлмагани сабабли буғдой нархи қарийб 40 фоизга ошди.

Маълумот берилишича, ўсимлик мойи нархлари пальма, соя, кунгабоқар ва рапс мойлари нархи кўтарилиши ҳисобига ошган. Пальма мойи нархи Малайзияда ишлаб чиқариш ҳажмининг камайгани билан боғлиқ (бунга меҳнат мигрантлари етишмовчилиги сабаб бўлган).

Маҳсулот етказиб беришдаги узилишлар сут нархи ўсишига олиб келмоқда: сут маҳсулотлари нархи ўтган йилдагига нисбатан қарийб 16 фоизга ошган.

Нархлар ошиши биринчи навбатда кам даромадли мамлакатлар аҳолисига таъсир кўрсатади: улар янада қашшоқлашади, бу эса ижтимоий ва сиёсий кескинликни кучайтириши мумкин.

Мавзуга оид