Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон озиқ-овқат бозорини қайси давлатлар назорат қилмоқда?
Озиқ-овқат экспорти бугунги кунда давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги таъсирини кўрсатувчи энг муҳим кўрсаткичлардан бирига айланган. Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада Жаҳон савдо ташкилоти маълумотлари асосида дунёдаги энг йирик 30 та озиқ-овқат экспортчиси келтирилган.
Сунъий интеллект яратган сурат
Маълумотларга кўра, ушбу давлатлар жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг 80 фоиздан ортиқ қисмини таъминлайди. Глобал аграр экспорт ҳажми эса тахминан 1,5 триллион долларга тенг.
Таҳлиллар жаҳон озиқ-овқат тизими қай даражада марказлашганини ҳам кўрсатади. Нисбатан кам сонли давлатлар бутун дунё озиқ-овқат таъминотида ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис аграр савдо геосиёсий кескинлик, логистика харажатлари ва ўғитлар нархи ошиб бораётган шароитда стратегик соҳалардан бирига айланмоқда.
Ҳозирги кунда жаҳон озиқ-овқат савдосининг катта қисми оз сонли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Энг йирик ўнта экспортчи давлат глобал аграр экспортнинг қарийб ярмини назорат қилади. Бу эса уларга жаҳон нархлари ва озиқ-овқат таъминот занжирларига кучли таъсир ўтказиш имконини беради.

Жаҳон озиқ-овқат савдосининг асосий маркази Америка қитъаси бўлиб қолмоқда. АҚШ, Бразилия, Канада ва Мексика биргаликда жаҳон аграр экспортининг қарийб 30 фоизини таъминлайди. Улар дон, гўшт, мойли экинлар ва қайта ишланган маҳсулотларнинг йирик етказиб берувчилари ҳисобланади.
Айрим аҳолиси кўп давлатлар эса рейтингда кутилганидан пастроқ ўринни эгаллаган. Масалан, Хитой дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси бўлса-да, экспорт ҳажми бўйича АҚШ ва Бразилиядан анча орқада. Бунинг асосий сабаби — ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг катта қисми ички бозорда истеъмол қилинишидир.
Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ҳам жаҳон озиқ-овқат бозорининг айрим сегментларида етакчилик қилади. Австралия мол гўшти, буғдой ва арпа экспорти бўйича муҳим ўрин тутади. Индонезия эса дунёдаги энг йирик пальма ёғи экспортчиларидан бири ҳисобланади.
Европа давлатлари эса катта ер майдонлари эмас, балки юқори технологиялар, самарадорлик ва логистика ҳисобига рақобатбардошлигини сақлаб қолмоқда. Хусусан, Нидерландия кичик ҳудудига қарамасдан, юқори технологияли қишлоқ хўжалиги ва иссиқхона мажмуалари туфайли дунёда озиқ-овқат экспорти бўйича 11-ўринни эгаллайди.
Франция ва Германия ҳам дон маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, ичимликлар ва қайта ишланган озиқ-овқат экспорти орқали жаҳон бозорида муҳим ўринни сақлаб келмоқда.
Мавзуга оид
09:37 / 27.05.2026
Россия ёнилғи экспортига янги чекловлар жорий этиши мумкин
18:43 / 26.05.2026
Ярим йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон олтин экспортини қайта тиклади
08:55 / 22.05.2026
Мева-сабзавот экспорти учун янги тартиб жорий этилди
21:35 / 20.05.2026