21:35 / 07.11.2021
6022

«Ўзгидромет» Тошкент ҳавосида ифлосланиш даражаси камая бошлаганини маълум қилди

Тошкентда 7 ноябрь куни атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси аввалги кунга нисбатан пасая бошлади.

«Ўзгидромет»нинг маълум қилишича, шу куни соат 11:00 да ўтказилган мониторинг натижалари пойтахтда чанг билан ифлосланганлик даражаси рухсат этилган максимал концентрациядан 3,3 баравар ортиқлигини кўрсатган.

Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар канали ҳам Тошкент шаҳри ҳавосида ўта майда дисперс чанг заррачалари анча камая бошлаганини қайд этган. Унда айтилишича, соат 15:00 да ҳаво таркибида РМ 2,5 майда дисперс заррачалар рухсат этилган меъёрдан 2 баробор кўп бўлган. Бу хавфли даража, лекин кечаги ва олдинги кунлардаги каби ўта хавфли эмас.

«Тошкент шаҳрида айни антициклон кузатилаётган даврда маҳаллий тоғ-водий циркуляциясини ҳосил қилган билинар-билинмас шабода фактори пойтахт ҳавосидаги  заррачалар ҳаракатида муҳим роль ўйнайди.

Тоғ-водий шамоли сабаб, шаҳар ҳавоси кечаси чанг заррачаларидан бироз ҳоли бўлган бўлиши мумкин. Чунки, тоғдан эсган кучсиз шамол омили пойтахт ҳавосидаги заррачаларни шаҳарнинг жанубий-ғарбий текислик ҳудудларига томон "ҳайдайди". Афсуски, кундуз куни ўша текисликдан тоғга эсган тоғ водий шамоли яна заррачаларни пойтахт осмонига олиб келади. Чанг заррачаларининг ерга босилиши ҳисобига, ҳавода зарарли чанг моддаси олдинги кунларга қараганда анча камаймоқда», дейилади хабарда.

Top