Ўзбекистон | 15:14 / 08.11.2021
4853
4 дақиқада ўқилади

Фойдаланилмаётган имкониятлар, 20 млн евролик ёрдам ва Афғонистон масаласи – Ўзбекистон-Австрия ТИВ раҳбарлари учрашувидан репортаж

Бугун, 8 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линҳарт билан учрашув ўтказди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Австрия томони ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Учрашувдан сўнг икки давлат ОАВ вакиллари учун ташкил этилган брифингда Абдулазиз Комилов томонлар кўп масалаларда умумий қарашларга эга эканини, лекин ҳозирги кунда ўзаро ҳамкорликнинг бор имкониятларидан фойдаланилмаётганини таъкидлади.

«Шу маънода мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги даражага кўтаришда Австрия ташқи ишлар вазирининг ташрифи жуда муҳим ҳисобланади. Биз ўзи билан кўплаб тадбиркорлардан иборат делегацияни олиб келган вазир жанобларининг барча таклифларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ташриф албатта ўзининг яхши натижаларини намоён қилади», - деди Комилов.

Абдулазиз Комилов. Фото: Kun.uz

Михаэл Линҳарт ўзининг Марказий Осиё давлатларига сафари давомида Самарқанд шаҳрига ташриф буюргани ва бу унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди. Австрия ҳукумати вакили Ўзбекистон билан дўстлик белгиси сифатида 150 минг доза Astra Zeneca вакцинасини олиб келганини маълум қилди. Михаэл Линҳарт Ўзбекистон томони билан музокаралар асосан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик ва минтақадаги хавфсизлик мавзуларида бўлиб ўтганини қайд этди.

Михаэл Линҳарт. Фото: Kun.uz

«Биз коронавирус инфекцияси туфайли дунё бўйлаб қийин ҳолга тушган корхоналаримизни қўллаб-қувватлашга доир дастуримизни қайта ишга туширдик. Шунингдек, бу дастур доирасида Ўзбекистон билан иқтисодий соҳадаги муносабатларимизни мустаҳкамламоқчимиз. Биз иқтисодий форум доирасида қатнашиш учун Австрия бизнес компанияларининг 40 нафар вакилини ўзимиз билан олиб келдик», деди у.

Шунингдек, Михаэл Линҳарт Ўзбекистонга Австрия фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишга кўмак бергани учун миннатдорчилик билдирди.

«Музокаралар давомида биз ҳозирги вақтда Афғонистонда бўлиб турган фуқароларга биринчи бўлиб ёрдам бериш кераклиги ҳақида умумий тўхтамга келдик. Шунингдек, ҳолат барқарорлигига путур етказадиган «қора тешик» пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак.

Биз минтақадаги ҳамкорларимиз биргаликда Афғонистондаги уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши курашда кучларимизни бирлаштирамиз. Австрия бу мақсадлар учун 20 миллион евро миқдоридаги йирик инсонпарварлик пакетини тайёрлаган. Шунингдек, европалик ҳамкасбларимиз билан келишув асосида афғонистонликларга 1 миллиард евро миқдорида ёрдам дастури тайёрлаганмиз», дея Михаэл Линҳартнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Австрия ташқи сиёсат идораси раҳбари ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Австрия бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтади. Тадбирда икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва бизнес тузилмаларининг 200дан ортиқ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, Линҳарт Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ҳам учрашув ўтказади.

Ушбу ташриф Австрия ТИВ раҳбарининг сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир. Австрия ташқи ишлар вазири Бенита Ферреро-Валднер Ўзбекистонга охирги марта 2000 йилда ЕХҲТнинг амалдаги раиси сифатида келган эди.

Мавзуга оид