19:39 / 08.11.2021
6952

Маск Tesla акцияларини сотиш ҳақида сўровнома ўтказди. Фойдаланувчилар “ҳа” деб овоз беришди

Tesla компанияси асосчиси, миллиардер ва сайёранинг энг бадавлат одами Илон Маск Twitter’да обуначиларидан акцияларининг 10 фоизини сотишига қандай муносабатда бўлишларини сўради.

Tesla анчадан буён жаҳон миқёсидаги бизнесга айланган, иқлим ўзгаришларига эътибор кучайиши баробарида у ишлаб чиқараётган электрокарлар катта машҳурликка эришмоқда.  Фото: Getty Images

Маскнинг 62 миллиондан ортиқ кузатувчиси бор. У сўровнома натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, унга мувофиқ иш кўришга ваъда берди. Овоз бериш натижасида акцияларни сотиш тарафдорлари ғолиб бўлишди: уни иштирокчиларнинг 58 фоизи қўллаб-қувватлаган, қарийб 42 фоизи эса бунга қарши бўлган. Тадбиркорнинг саволига 3,5 млн обуначи жавоб берган.

Агар Маск ўз ваъдасини бажарса, Tesla’нинг 21 млрд долларлик акцияларини сотиши керак. Орегон штати сенатор-демократ Рон Уайден фақат энг бадавлат кишиларгагина тегишли бўлган янги “миллиардерлардан олинадиган солиқ” турини киритишни таклиф этганидан кейин Tesla асосчиси мазкур сўровномани ўтказишга қарор қилганди.

“Миллиардерлар учун янги солиқ улар ҳам бошқа ишлайдиган америкаликларга ўхшаб ҳар йили солиқ тўлашларини таъминлайди. Ишлайдиган америкаликларнинг бирортаси у солиқ тўлашга мажбурлиги, миллиардерлар эса мажбур эмаслигига рози эмас”, — деди сенатда ўз қонун лойиҳасини тақдим этган Уайден.

Сотиш керакми ёки йўқ? Молия дунёси 21 млрд долларнинг тақдирини Маскнинг фолловерлари ҳал қилаётганидан ҳайратда. Фото: Getty Images

Унинг режаси энг бадавлат кишиларни амалга оширилмаган даромаддан 23,8 фоизини тўлашга мажбур қилишдан иборат. Яъни миллиардерлар активларининг бир қисмини сотгани ёки сотмаганидан қатъи назар, қимматли қоғозлар қиймати ошишидан солиқ тўлаш мажбурий бўлишини назарда тутади. 

Маск мазкур қонун лойиҳасига қарши чиқди. У Twitter’да маош, мукофот пули олмаслиги, фақат акциялари мавжудлигини ёзган. “Шахсан мен учун солиқ тўлаш учун ягона имконият бу — акцияларни сотиш”, — деди у.

Маскнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтда АҚШда солиқ тўлашдан бўйин товлаш усулларидан бири — амалга оширилмаган даромад ҳақида кўп гапириляпти. Бу вазиятда электромобиллар ишлаб чиқарувчи компаниясининг 10 фоиз акциясини сотишдан бошқа чора қолмайди.

Солиқ АҚШдаги 700 нафар энг бадавлат кишига тааллуқли бўлади, деб ҳисобланмоқда. Бироқ танқидчилар акциялар нархи қимматлаши ҳам, арзонлаши ҳам мумкинлиги ҳақида гапиришмоқда. Натижада бу солиқ доимий бўлиши мумкин эмас.

Маск акцияларни сотиш ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Янги қонун лойиҳаси тақдим этилишидан олдин ҳам у БМТнинг Жаҳон Озиқ-овқат дастури раҳбарияти маблағ қандай сарфланиши ҳақида шаффофроқ маълумот берса, Teslа’нинг қиймати 6 млрд долларлик акцияларининг бир қисмини сотиши ва жами тушумни мазкур дастурга бермоқчи эканини айтганди.

Коронавирус пандемияси турли мамлакатларда озиқ-овқат муаммоларини юзага келтирган. Бразилияда аҳолининг энг қашшоқ қатлами вакиллари савдогарлар томонидан бозорда ташлаб юборилган сабзавот ва меваларни йиғишга мажбур бўлмоқда.

Маск бу ҳақда Жаҳон Озиқ-овқат дастури директорининг чиқишидан кейин гапирган. 13 октябрда директор дунёнинг кўплаб минтақаларидаги гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун зудлик билан ярим йил ичида 6,8 млрд доллар тўплаш кераклиги, акс ҳолда коронавирус пандемияси фонида вазият янада жиддий тус олиши мумкинлигини маълум қилганди.

Маск томонидан ўтказилган сўровнома молия оламини ҳайратга солди. “Биз кенг омма қиймати 21 долларлик танга отганини кўрдик”, — дея ёзди венчур сармоядор Чамат Палихатия.

Калифорния университети иқтисодчиси Беркли Габриэль Зухман эса сайёрадаги энг бадавлат одамнинг солиқ тўлаши Twitter’даги овоз беришга боғлиқ бўлмайдиган кун келишини сабрсизлик билан кутишини айтган.

Top