Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ҳукумати самарадорлик департаменти (DOGE) энди йўқ – ОАВ
Шов-шув билан иш бошлаган ва бюджет харажатларини кенг миқёсда қисқартиришга ваъда берган ташкилот энди марказлашган тузилма эмаслиги таъкидланмоқда.
Январ ойида шов-шув билан иш бошлаган ва бюджет харажатларини кенг миқёсда қисқартириш билан таҳдид қилган АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) энди йўқ. Бу ҳақда сўнгги пайтларда деярли эшитилмаётган DOGE ишларининг аҳволи билан қизиққан Reuters агентлиги маълум қилди.
АҚШ кадрлар хизмати раҳбари Скотт Купорнинг агентликка айтишича, DOGE «мавжуд эмас», у энди «марказлашган тузилма» эмас.
Агентлик DOGE функцияларининг бир қисми энди АҚШ кадрлар хизмати бошқарувининг ўзига ўтганини аниқлади. DOGE собиқ ходимларининг бир қисми ҳозир президент Доналд Трампнинг жорий йил август ойидаги фармони билан ташкил этилган National Design Studio янги тузилмасида ишлаяпти ва ҳукумат сайтларининг ташқи кўринишини яхшилаш билан шуғулланмоқда. Ходимларнинг яна бир қисми бошқа бўлимларга, жумладан, АҚШ Давлат департаменти ва Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигига тарқалган.
DOGE 2025 йил январ ойида ташкил этилган ва ҳужжатларга кўра 2026 йил июлгача ишлаши керак эди. DOGE биринчи раҳбари Илон Маскнинг давлат бюджети исрофгарчилигига қарши кескин кураш ҳақидаги баландпарвоз баёнотлари аста-секин йўққа чиқди, кейин эса унинг ўзи ҳам департаментдан кетди.
Бюджет харажатларини 2 трлн долларга қисқартириш бўйича дастлабки режа амалга ошмади. Reuters таъкидлаганидек, мустақил экспертлар DOGE «ўнлаб миллиард долларлик» харажатларни қисқартиришга муваффақ бўлгани ҳақидаги даъволарини текшира олмайди, чунки идора ўз иши ҳақида батафсил молиявий ҳисоботларни тақдим этмаган.