Ўзбекистон | 08:00 / 09.11.2021
2944
4 дақиқада ўқилади

1 январдан ҳудудларда иқтидорли ёш спортчиларни аниқлашнинг 3 босқичли тизими жорий этилади

Фото: Ёшлик жисмоний тарбия ва спорт жамияти

Президент “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Президентнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланган.

2020 йил 25 декабрдаги қонун билан тасдиқланган 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларига асосан Туризм ва спорт вазирлигига спортнинг устувор турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 104 миллиард сўм ажратилган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи 2021–2022 йилларда юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди:

  • спортнинг устувор турларини бошқариш тизимини такомиллаштириш;
  • аҳоли ўртасида спортнинг устувор турлари оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни саралаш (селекция);
  • спортнинг устувор турлари билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни оммалаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш;
  • ҳудудларда спортнинг устувор турларини янада ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган спорт тадбирларини ташкил этиш;
  • соғлом турмуш тарзининг энг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборотлаштиришни ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш.

Қуйидаги спорт мусобақалари ҳар йили ўтказилади:

  • юриш ва югуриш бўйича – “Tashkent Marathon”, “Samarkand Half Marathon” ва “Zaamin Ultra” халқаро марафонлари, “Sky Camp Bostanliq” триатлон ва йога марафонлари, “Барча рекордлар бизники!” (5 ва 10 минг қадамга), турли масофаларга югуриш бўйича “Янги рекордлар сари!”;
  • мини-футбол бўйича – “Янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Соғлом оила – Янги Ўзбекистон таянчи” (оилавий жамоалар ўртасида) “Раҳбар кубоги” (давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида);
  • бадминтон бўйича – “Баҳор маликалари”, “Бадминтон лигаси” (умумий ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида), “Раҳбар кубоги” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида) ва “Имкониятингиздан кўпроғини бажаринг!” (аҳолининг кенг қатламлари ўртасида);
  • стритбол ва “Workоut” бўйича – “Рекорддан – янги рекордга!” ва “Гиёҳванд моддаларга қарши!” (таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида), “Муҳими ғалаба қозониш эмас, балки қатнашиш!” (маҳалла жамоалари ўртасида), “Қишлоғинг учун ғалаба қозон!” (қишлоқ жамоалари ўртасида), “Соғлом танда – соғлом фикр!” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида).

2022 йил 1 январдан бошлаб спортнинг устувор турлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралашнинг (селекция) 3 босқичли тизими жорий этилади:

  • биринчи босқичда – спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари (туман/шаҳар ҳокими кубоги);
  • иккинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиблари ўртасида вилоят мусобақалари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари кубоги);
  • учинчи босқичда – вилоят мусобақалари ғолиблари ўртасида республика мусобақалари.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид