18:35 / 09.11.2021
7913

Машинани тескари бошқарган Ласетти ҳайдовчилари жаримага тортилди

Қоидабузар ҳайдовчиларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима тўлайди.

Фото: ИИББ ЙҲХБ

Интернетда Тошкент кўчаларида икки “Lacetti” ҳайдовчиси машинасини орқамачасига бошқариб, ўзлари ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйгани акс этган видео тарқалган ва бу ҳолат жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар беришича, 4 ноябрь куни тарқалган видео ўрганилиб, қоидабузар ҳайдовчилар топилган ва уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Фото: ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

“Ҳар икки ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) ҳамда 127-моддаси (Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) талабларини бузишган. Шу сабабли ҳар икки автомобиль жарима майдонига олиб кетилган. Бундан ташқари, содир этган қоидабузарликлари учун ҳайдовчиларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 700 000 сўм) миқдорида жарима солинди”, дея Тошкент шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойбергановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, 8 ноябрь куни келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу қоидабузарлик ва унинг сабаблари жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилган.

Top