07:59 / 10.11.2021
5461

Ҳарбийларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Kun.uz

“Ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади - ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини бажариш пайтида давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларни, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантларини (тингловчиларини), ҳарбий йиғинларни ўтаётган ҳарбий хизматга мажбурларни, сафарбарлик чақируви резервида бир ойлик йиғинларни ўтаётган шахсларни (бундан буён матнда ҳарбий хизматчилар деб юритилади) моддий жавобгарликка тортиш тартибини белгилашдан иборат.

Ҳарбий хизматчилар агар зарар фақат ўзларининг айби билан етказилган бўлса моддий жавобгарликка тортилади.

Ҳарбий хизматчилар агар зарар командирнинг (бошлиқнинг) буйруғини бажариш, асосли хизмат ёки хўжалик таваккалчилиги, охирги зарурат ёхуд зарурий мудофаа ҳолатида етказилганда моддий жавобгар бўлмайди.

Ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини) бажармаётган пайтда моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар фуқаролик қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.

Агар қонун билан бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш пайтида эҳтиётсизлик оқибатида моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар қуйидаги миқдорларда моддий жавобгар бўлади:

  • муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар – етказилган зарар миқдорида, бироқ тўртта ҳарбий лавозим окладидан (маошидан) ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар – етказилган зарар миқдорида, бироқ ўнта ҳарбий лавозим окладидан (маошидан) ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • ҳарбий йиғинларни ўтаётган ҳарбий хизматга мажбурлар – етказилган зарар миқдорида, бироқ зарар аниқланган вақтдаги ўн базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • сафарбарлик чақируви резервида бир ойлик йиғинлардан ўтаётган фуқаролар – етказилган зарар миқдорида, бироқ зарар аниқланган вақтдаги икки базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда.

Қуйидаги ҳолларда командирлар (бошлиқлар) етказилган зарар миқдорида, бироқ бир ойлик пул таъминоти маошидан ортиқ бўлмаган миқдорда моддий жавобгарликка тортилади:

  • ҳарбий мол-мулкни ҳисобга олишнинг, сақлашнинг, ундан фойдаланишнинг, уни сарфлаш ва ташишнинг белгиланган тартибини бузишга олиб келган буйруқ, фармойиш берганда;
  • ҳарбий мол-мулкнинг талон-торож қилиниши, камомади, йўқ қилиниши, шикастланишининг ва бузилишининг олдини олиш чораларини кўрмаганлик зарар етказилишига сабаб бўлганда;
  • айбдор шахслар томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўрмаганда.

Ҳарбий хизматчилар зарарнинг тўлиқ миқдорида моддий жавобгар бўладилар, агар зарар қуйидагича етказилган бўлса:

  • мол-мулкни сақлаш, ташиш ва (ёки) беришни таъминлаш ёхуд молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мол-мулк олганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатлар) асосида моддий воситалар ишониб топширилган ҳарбий хизматчи томонидан эҳтиётсизлик оқибатида;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланган ҳарбий хизматчининг жиноий хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида;
  • жиноят қонунчилигида назарда тутилган жиноят таркиби аломатлари борлигидан қатъи назар ҳарбий мол-мулкни талон-торож қилиш, камомадга йўл қўйиш, беҳуда сарфлаш, йўқотиш, қасддан йўқ қилиш, шикастлаш, ишдан чиқариш, қонунга хилоф равишда сарфлаш ёки бошқа қасддан қилинган хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли;
  • ҳарбий хизматчиларнинг қасддан қилган хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ҳарбий хизматчиларни даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши учун қилинган харажатлар натижасида;
  • қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳарбий хизматчилар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар Қуролли Кучлар томонидан қопланган бўлса.
Top