Ўзбекистон | 14:01 / 10.11.2021
6155
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» 700 миллион долларлик дебют еврооблигацияларни Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155 сонли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 ноябрдаги 668-сон қарорига мувофиқ амалга оширилаётган трансформация жараёнларини давом эттириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш мақсадида Молия вазирлиги кўмагида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз тарихида илк бор Лондон фонд биржасида RegS/144A форматида 7 йиллик муддатга 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларини муваффақиятли жойлаштирди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бу, ўз навбатида, жамиятнинг трансформация ва дунёдаги энг яхши бизнес-амалиётларни жорий этиш бўйича тизимли ишларнинг натижаси ҳисобланади, жумладан:

  • Ernst&Young (Буюк Британия) халқаро аудиторлик компанияси томонидан жамиятнинг 2017-2020 йиллар ва 2021 йилнинг 1- ярим йиллиги учун МҲХСга асосан консолидациялашган молиявий хисоботлари аудити ўтказилди;
  • «Fitch Ratings» ва «S&P» халқаро рейтинг агентликлари томонидан (BB– /барқарор) даражасидаги корпоратив ва эмиссиясига рейтинг берилди;
  • Облигацияларни чиқариш учун «CITI Group», «JP Morgan» (АҚШ), «Mitsubishi UFG» (Япония) ва «Газпромбанк» АЖ (РФ) каби ташкилотчи банклар жалб қилинди.

Барча турдаги юридик экспертизалар (аудиторлик, молиявий, бошқарув) ўтказилди.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш натижасида халқаро облигацияларни чиқариш доирасида жорий йилнинг 5 ва 8 ноябр кунлари ўтказилган roadshow давомида потенциал инвесторларга жамият фаолияти хақида тақдимот ўтказилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Шу билан бирга, roadshow давомида АҚШ, Европа, Россия федерацияси ва Осиё мамлакатларидан 35 дан ортиқ институционал инвесторлар билан телеконференция (Global Investor Call) ва йирик халқаро 28та инвесторлар билан индивидуал учрашувлар ўтказишга эришилди.

Олиб борилган маркетинг ўрганишлар натижасида 9 ноябрь ҳолатига ташкилотчи банклар (Bank GPB International S.A. , Citigroup Global Markets Limited, J.P. Morgan Securities plc. ва MUFG Securities EMEA plc) томонидан Жамиятнинг еврооблигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси 5 фоиз миқдорида белгиланди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Натижада жами 1,9 миллиард АҚШ доллари (ташкилотчи банклар буюртманомаларисиз – 1,7 миллиард АҚШ доллари) миқдоридаги буюртманомалар келиб тушди ва иштирокчиларнинг сифат ва миқдори таҳлили натижасига кўра якуний фоиз ставкаси 4,75 фоизгача туширилди.

Жамиятнинг халқаро облигациялари Буюк Британия, АҚШ, Германия, Европа ҳамда Осиё мамлакатларидан қатнашган 120 дан ортиқ инвесторлар орасида тақсимланди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги жамоанинг бир неча кунлик тинимсиз меҳнати ўз натижасини берди.

Жамиятнинг халқаро облигациялари тақсимланиши жараёнида Жамоатчилик вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳам иштирок этишди.


Журналист Достон Аҳроров
Оператор ва монтаж устаси Мухиддин Қурбонов

Мавзуга оид