Жаҳон | 11:17 / 10.11.2021
4347
2 дақиқада ўқилади

Португалияда раҳбарлар иш вақтидан кейин ходимларини безовта қилишини тақиқлайдиган қонун қабул қилинди

Португалияда масофадан ишлаш қоидалари қабул қилинди. Ишдан кейин ходимларга қўнғироқ қилиш тақиқланади, аммо улар мессенжерларини ўчирмаслиги керак бўлади. Компаниялар ходимларнинг электр ва интернет харажатларини қоплаб беришлари керак.

Image Credit: Shutterstock

Португалия парламенти уйда ишлаш нормалари ҳақида қонун қабул қилди, дея хабар бермоқда Associated Press. Эндиликда раҳбарлар ўз ходимларига иш вақтидан бошқа пайтларда қўнғироқ қилиши тақиқланяпти. Фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно.

Ходим ўзини бутунлай изоляцияда қолган деб ҳис қилмаслиги учун иш берувчи у билан ҳар икки ойда бир марта шахсан учрашиши шарт. Компаниялар ходимларнинг электр ва интернет харажатларини қоплаб беришлари керак. Агар ходимнинг саккиз ёшга тўлмаган фарзанди бўлса, у раҳбари билан олдиндан келишмаган ҳолда ҳам уйда қолиши мумкин.

Янги талаблар штатдаги ходимлари 10 кишидан ортиқ бўлган компаниялар учун амал қилади. Қонун бузилишининг оғирлик даражасига қараб 612 евродан 9 690 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Португалия меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Ана Мендес Годинёнинг айтишича, янги қоидалар, жумладан, масофадан туриб ишлайдиган ва яшаш жойини ўзгартириш истагида бўлган юқори малакали чет элликларни мамлакатга кўпроқ жалб қилишга ёрдам беради.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид