БМТнинг Глазгода бўлиб ўтган конференциясида янги эълонлар айтилди, ваъдалар берилди. Уларнинг кўпчилиги асосан транспорт сектори ривожи билан боғлиқ. Ҳозирда иссиқхона газлари глобал чиқиндиларининг тахминан тўртдан бири айнан шу сектор улушига тўғри келяпти.
1970 йилдан бери мазкур сектордаги чиқиндилар икки мартадан кўпроққа ортди. Улардан 80 фоизи ер усти транспорт воситаларига тўғри келади. БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP)да ҳисоб-китоб қилишларича, жаҳон транспорт сектори деярли бутунлай қазиб олинувчи ёқилғида ишлаяпти. Бироқ яқин ўн йилликларда бу ўзгариши мумкин.
Ички ёниш двигателларидан воз кечиш
БМТ 26-конференциясида 100дан ортиқ ҳукумат, шаҳар ва йирик корхоналар вакиллари Ноль даражада чиқинди чиқарадиган автомобиль ва фургонлар ҳақидаги декларацияни имзолади. Унда 2035 йилга бориб дунёнинг асосий бозорларида, 2040 йилга бориб эса бутун дунёда ички ёниш двигателлари савдосига чек қўйиш мақсад қилинган. 13 мамлакат 2040 йилгача қазиб олинувчи ёнилғида ишлайдиган оғир транспорт воситалари савдосини тўхтатиш мажбуриятини олди.
Лотин Америкасининг бир неча шаҳарлари, жумладан, Богота, Куэнка ва Сальвадор 2035 йилга бориб чиқинди даражаси нолга тенг бўлган жамоат транспортидан фойдаланишга ўтиш мақсадини белгилади.

Кемада юк ташиш яшил саноати
Кемада юк ташиш саноатига оид қадамлар ҳам қўйилди. Ана шу тармоқдаги 200та корхона 2030 йилга бориб чиқинди даражаси нолга тенг бўлган денгиз кемалари ва ёнилғи миқдорини ошириш мажбуриятини олди. Улар ҳукуматларни зарурий қоидаларни ишлаб чиқиш ва 2050 йилга бориб кемада юк ташиш яшил саноатига адолатли ўтишни таъминлаш учун инфратузилмани тайёрлашга чақиришди.
19 мамлакат чиқинди даражаси ноль даражага тенг бўлган юк ташиш маршрутини яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича Клайдбанк (Шотландиядаги шаҳар) декларациясини имзолади. Унда жорий ўн йиллик ўртасида чиқинди даражаси нолга тенг бўлган камида олтита денгиз йўлагини яратиш кўзда тутилган. Декларацияда 2030 йилга бориб бундай йўлакларни жорий этишни кўпайтириш ҳам маълум қилинган.

















