Ўзбекистон | 19:59 / 12.11.2021
3999
2 дақиқада ўқилади

Янгиерда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишига старт берилди

12 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди. Унда нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Умумий майдони 50 гектар бўлган янги массивда 1400 ўринга эга бўлган мактаб, 1500 ўринли болалар боғчаси, поликлиника, 2 та ёшлар меҳнат гузари, IT-Park, коворкинг маркази, 10 та савдо дўкони, 1000 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехи, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари қурилади. Шунингдек, вилоят ҳокими кўрсатмасига мувофиқ яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.

«Вилоятда уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери бош қотирамиз. Чунки уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун Янгиерда ҳам янги массив қуришга киришдик. Бу ерда жами 72 та 5 ва 7 қаватли, 2 584 хонадонли турар жойлар қурилади, 3 мингга яқин оила яшайди. Янгиер вилоят маркази билан рақобатлашадиган шаҳар бўлади», - деди Ғофуржон Мирзаев.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги 

Янги массив лойиҳасига кўра, ушбу ҳудудда 7,5 км ички йўллар, 3,5 км оқава сув тармоғи, 3,5 км ичимлик суви, 2,5 км табиий газ, 3 км электр тармоқлари қурилади.

Мавзуга оид