Ўзбекистон | 21:20 / 13.11.2021
13970
3 дақиқада ўқилади

10 ойда салкам 2 мингта ўлим. Ўзбекистонда ЙТҲлар статистикаси эълон қилинди

Йилнинг 10 ойи давомида республика йўлларида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида 2 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 6900га яқин киши тан жароҳати олган.

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2021 йил ноябр ойигача республика йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида статистик маълумотни эълон қилди.

Унга кўра, йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида жами 7681та ЙТҲ рўй берган. Уларда 1964 киши ҳаётдан кўз юмган, 6886 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ҳудудлар кесимида қараладиган бўлса, энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари Фарғона вилоятида рўй берган – 1173та.

Тошкент вилоятида 1023та, Тошкент шаҳрида 842та ЙТҲ рўйхатга олинган. Наманган вилоятида 830та ЙТҲ юз берган бўлса, Самарқанд вилоятида бу рақам 825тани ташкил этмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари ҳайдовчилар ёши кесимида таҳлил қилинса, энг кўпи, яъни 1613тасини 23-27 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этгани кўринади. Умуман, энг кўп авариялар 37 ёшгача бўлган ҳайдовчилар томонидан этилган. 7681та ЙТҲдан 4370таси айни шу ёшдаги ҳайдовчилар ҳиссасига тўғри келади. 47 ёшдан катта ҳайдовчилар эса, 10 мобайнида 1106та ЙТҲ содир этган.

Шу билан бирга, ЙТҲлардаги бошқа иштирокчилар таҳлил қилинса, бунда пиёдалар етакчи ўринда – 3441та ҳолатда улар бевосита иштирок этган. 1268та ҳодиса болалар иштирокида содир бўлган.

ЙТҲларнинг аксари (2785та) давлат аҳамиятига молик йўлларда юз берган. Шаҳар йўлларида 1981та, маҳаллий йўлларда 1613та ва халқаро йўлларда 1302та рўй берган.

Қайд этилишича, аварияларнинг катта қисми, яъни 5187таси сутканинг ёруғ вақтига тўғри келган. Тунги вақтларда 2497та ЙТҲ рўй берган. Ҳафта кунларининг пайшанба, жума ва шанба кунларида кўпроқ ЙТҲлар рўйхатга олинган. Рақамларда ифодаланса, тегишли равишда 1125-1162-1142тани ташкил этади.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

ЙҲХББ ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам ойдинлик киритган.

1782та ЙТҲ йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ёки йўллардаги носозликлар туфайли рўй берган. Бу жами йўл-транспорт ҳодисаларининг 23,2 фоизини ташкил этмоқда. 1705та ҳолатда пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиши (22,2 фоиз) билан боғлиқ. 1221 та ЙТҲ (15,9 фоиз) тезликни меъёрдан ошириб юбориш сабабли содир бўлган.

Маълумотларда кўриш мумкинки, ҳодисаларнинг 7,6 фоизида, яъни 584тасида пиёдалар пиёдалар ўтиш жойида уриб юборилган.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти, яъни 7479тасини эркак ҳайдовчилар содир этган. 202таси аёл ҳайдовчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мавзуга оид