Жаҳон | 11:24 / 13.11.2021
11020
12 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: «Вакцина олмаганлар» пандемияси, Европада янги рекордлар, итда вирус аниқланиши

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европани яна бир марта Covid-19 эпицентри деб атади. Бир қатор мамлакатларда касалланганлар статистикаси ёз-куз фасли боши кўрсаткичлари билан таққослаганда ўн марта ортди. Касалликнинг оғир шакли билан оғриган беморлар – эмланмаганлар.

Фото: Getty Images

Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия даврида қарийб 253 млн киши коронавирус билан касалланган, 5 млн.дан ортиқ киши вафот этган. Яқинда ЖССТ Европани яна бир марта Covid-19 эпицентри деб атади.

Маҳаллий локдаунлар

Австрия фақат эмланганмаган ва тўлиқ эмланмаган фуқаролар учун янги локдаун жорий этишга тайёрланмоқда. Бу улар узрли сабабларсиз уйларини тарк эта олмаслигини англатади. Бундай сабабларга ишга бориш, харид учун чиқиш ва тоза ҳавода спорт билан шуғулланишлар киради.

Мазкур чорани танқид қилаётганлар уни амалга ошириш учун ҳукуматда маблағ йўқ, деб ҳисоблашмоқда. Бундан ташқари, вакцина олмаган австрияликлар анчадан бери ресторан, кинотеатр, гўзаллик салонлари ва тоғ-чанғи курортларига бора олишмаяпти.

Бироқ Австрия ҳукуматидаги эпидемиологлар комиссияси мамлакат бўйлаб касалликнинг кескин авж олиши ҳақиқий хавф эканини айтиб, қўшимча чекловлар киритиш зарур деб ҳисобламоқда.

Ҳозирда мамлакатнинг айрим туманларидагина локдаун жорий этилади. Душанба кунидан бошлаб вакцина олиш даражаси энг паст, Германия ва Чехия билан чегарадош туман – Юқори Австрияда амал қилади. Навбатда эса Зальцбург федерал ўлкаси.

Бироқ Австрия канцлери Александр Шелленберг умуммиллий локдаун бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди. 12 ноябрда нидерландлар ҳукумати ҳам дўкон ва ресторанлар, шунингдек, спорт тадбирлари фаолияти бўйича уч кунлик чекловлар жорий этишни режалаштираётгани маълум бўлди.

Дания чораларни қатъийлаштирмоқда

Дания ҳукумати ҳам янги чекловларни қўллашга тайёр. Дания – жорий йилнинг сентябрь ойида коронавирус тарқалишига қарши барча чораларни бекор қилган кам сонли Европа мамлакатларидан бири. Ҳукумат вакиллари буни ўтган Рождество байрамида киритилган қатъий локдаун сабабли баҳор-ёз даврида касаллик юқишининг учинчи тўлқини четлаб ўтилгани билан изоҳламоқда. Бироқ чекловлар бекор қилингач, мамлакатда касаллик статистикаси кескин равишда юқорига кўтарилди: сентябрь ойи ўрталарида кунлик ҳолатлар 200 атрофида бўлгани ҳолда ноябрь ойи бошига келиб кунлик ҳолатлар сони 3000дан оша бошлади.

Дания ҳукумати жамоат жойларида вакцина паспортларини қайта жорий этиш ҳамда мамлакатнинг турли туманларида алоҳида қўшимча чекловларни қўллаш имкониятини муҳокама қилишмоқда.

Германияда янги рекордлар

Германияда Covid-19 юқтириш билан боғлиқ янги ҳолатлар рекорд даражага етди: сўнгги кунларда кунлик ҳолатлар 50 мингдан ошмоқда. 10 ноябрь куни мамлакат етакчи вирусологларидан бири янги тўлқин 100 мингга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бугунги кунда Германияда 12 ёшдан катта бўлган қарийб 16 млн киши эмланмаган. Лавозимини тарк этаётган Ангела Меркель минтақа ҳукуматини вазиятни яхшилаш учун барча керакли чораларни кўришга чақирди.

Меркель ҳам, Шольц ҳам Германия аҳолисини вакцина олишга ишонтиришмоқчи. Ҳозирча бу яхши натижа бермади.
Фото: Getty Images

Унинг ўрнига келиши кутилаётган Олаф Шольц инфекциянинг тез тарқалишини тўхтатиш ва «қишни ўтказиб олиш» учун навбатдаги чекловларни киритиш кераклигини маълум қилди.

Германияда Covid-19 билан касалланган ва вафот этганлар эгри чизиғи октябрь ойи ўрталаридан бери кескин ўсмоқда. Бунга 67 фоиздан бироз юқори бўлган эмлашнинг нисбатан паст даражаси сабаб деб ҳисобланяпти.

Мамлакатнинг ҳокимиятга келаётган янги ҳукумати жамоат жойларига вакцинани тўлиқ олган ёки касалликни бошдан ўтказган фуқароларнигина киритиш, турли корхона ишчиларининг эмланишига бўлган талабларни кучайтириш ва антитаначаларга бепул тезкор таҳлил топширишни яна йўлга қўйишни таклиф этди.

Агар бу таклифлар бундестаг томонидан маъқулланса, улар ноябрь ойининг охирида кучга киради. Мамлакатнинг айрим туманлари юқоридан буйруқни кутиб ўтирмай, чекловларни қўллашни бошлашди.

Саксонияда нима юз беряпти?

Саксония вакцина олмаган фуқаролар учун жамоат жойларига боришни чеклаган Германиядаги илк ўлка бўлди.
Бутун Германияда касалланганлар сони кескин ўсиши кузатиляпти, айниқса Саксония ва Тюрингия бу борада етакчилик қиляпти.
Касалхонага тушган беморларнинг қарийб 90 фоизи эмланмаган.
Фото: Getty Images

Саксонияда ўтган ҳафтада Covid-19 билан касалланиш темпи Германиядаги барча ўлкалар орасида энг тези дея қайд этилган: 100 минг кишига 522та ҳолат. Мамлакатдаги ўртача кўрсаткич - 232га тенг. Шу билан бирга, вакцина олишнинг энг паст кўрсаткичи – бор-йўғи 57 фоиз ҳам Саксонияда.

Лейпциг университети касалхонаси жонлантириш бўлими раҳбари Себастиан Стер аҳолининг катта қисми ҳали ҳам хавфга тўғри баҳо бера олмаётганини айтди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан жорий вазиятни «вакцина олмаганлар пандемияси» деб атади.

6 ноябрь куни Лейпцигда вакцина олиш ва вакцина олмаганлар учун киритилган чекловларга амал қилишга қарши фуқароларнинг намойиши бўлиб ўтди.
Плакатда «Ўзбошимчалик ўрнига эркинлик» деб ёзилган.
Фото: Craig Stennett

Ҳафта бошида Саксония ҳукумати вакиллари вакцина олмаган фуқароларга бар, ресторан, жамоат ва спорт тадбирлари, шунингдек, оммавий дам олиш ва кўнгилочар жойларга боришни тақиқлади. Бошқа ўлкалар ҳам улардан ўрнак олиши кутиляпти.

Мазкур чоралар вакцинага қарши бўлганларнинг норозилигига сабаб бўлди. 6 ноябрда Лейпцигда минглаб кишилар иштирок этган кўргазма бўлиб ўтди. Иштирокчилар вакциналарни яратган компанияларга ҳам, уни маъқуллаган ҳукуматга ҳам ишонмаслигини маълум қилишди. Пандемия бошидан бери Германияда Covid-19 билан 4,9 млн киши касалланган.

Испания: яна ўсиш

Испания соғлиқни сақлаш вазири Каролина Дариас Астурия минтақавий кенгаши мажлисидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатда шифокор ва
фармацевтлар билан виртуал маслаҳатлар иложи борича кенгроқ татбиқ этилиши ҳақида гапирди.
Испания Covid-19 билан курашда муваффақиятга эришди ва буни қўлдан бой бермоқчи эмас.
Фото: Getty Images

Испания Европа бўйлаб аҳолининг тўлиқ эмланиши даражаси – 89 фоиз ҳамда инфекция тарқалишининг паст кўрсаткичи (100 минг кишига 63та ҳолат) билан фахрланиши мумкин (Буюк Британияда бу кўрсаткич 89 фоиз). 

Испанияда эмланиш дастурининг асосий муваффақияти 70 ёшдан катта бўлган инсонлар тўлиқ қамраб олиниши (99 фоиз) ҳисобланади. Бундан ташқари, эпидемияни жиловлашда илиқ иқлим ҳам ижобий роль ўйнади. У испанларга ёпиқ биноларда эмас, тоза ҳавода вақт ўтказиш имконини беради.

Илиқ иқлим эпидемия билан курашда фойдали омил бўлди. У испанларга тоза ҳавода тўпланиш имконини беради. Бу сурат 8 ноябрда Мадридда олинган.

Бироқ айрим мутахассислар касалланишнинг янги ҳолатлари яна кўпайишидан огоҳлантиришмоқда. Чунки вакцина коронавируснинг янги штаммлари учун 100 фоизлик кафолат бермайди.

Шунга қарамай, Испания ҳозирда амалда бўлган – ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, хоналарни мунтазам шамоллатишга қўшимча янги чекловлар киритмоқчи эмас.

Коронавирус билан касалланган беморлар сони Болгария касалхоналарида шу даражада юқорики, тиббиёт ходимлари айрим ҳолларда уни эплай олмасликларидан қўрқишади.
Янги ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичи кундан кунга ортмоқда.
Фото: Getty Images

Агар Дания ва Болгария солиштирилса (аҳолиси 5,9 млн ва 6,9 млн), уларда янги касалланиш ҳолатлари кўрсаткичи деярли бир хил, аммо Данияда шифохонага ётқизиш зарур бўлганлар сони бир неча юз, Болгарияда эса бир неча минг кишини ташкил этмоқда.

Гап Европа шарқида вакцина етишмаётганида эмас. 2021 йилда Европада талаб қилинмаган дозалар сони 282 млн донани ташкил қилган. Муаммо шундаки, шарқий европаликлар эмланишни исташмайди. Испанияда вакцинани рад этувчилар 5,5 фоиз, Болгарияда эса 50,9 фоизни ташкил этади.

Англия: вакцина олиш дастури ижобий натижа берди

Лондондаги Авлиё Томас касалхонасидаги ёдгорлик девори ва вакцина маркази. Кўнгиллилар Covid-19'дан вафот этганлар хотираси учун 150 мингдан ортиқ юрак расмини чизишган.

Англияда коронавирус билан касалланишнинг ҳафталик энг узоқ давомий пасайиш кўрсаткичи қайд этилди. Ушбу ижобий тренд 2021 йилнинг февраль ойидан бери кузатиляпти. Бу касалхонага ётқизиш ҳолатлари 12 фоизга пасайишида ҳам акс этди. 

Ливерпуль университети профессори Жулиан Ҳискокс бу давомли пасайиш такрорланмас экани, чунки хулқ-атвор ёки янги чекловлар киритилиши билан эмас, «деярли тўлиқ иммунитет девори» сабабли эканини қайд этди. Унинг қўшимча қилишича, аҳолининг кекса гуруҳи ва иммунитети паст кишилар учун октябрь ойида учинчи вакцина бошлангани сабабли «аҳоли иммунитетининг авжи барча соғлиқни сақлаш хизмати айниқса босим остида бўладиган қиш ойларига тўғри келади».

Янги Зеландия: локдауннинг сиёсий оқибатлари

Яқин-яқингача Янги Зеландия аҳолсининг 80 фоизи ҳукуматнинг коронавирусга қарши кураш бўйича ҳаракатларини маъқуллар эди.
Улар ҳам дунёдаги бошқа кишилар каби коронавирус ҳам гриппнинг мавсумий авж олишидек тез-тез такрорланадиган ҳодисага айланишига кўникишига тўғри келади.
Дўкон эшигидаги эълон: «Барча ишчилар вакцина олган»
Фото: Getty Images

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерннинг машҳурлиги 65дан 47га, деярли 20 фоизга тушиб кетди. Бу мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши сабабли. Яқин вақтгача Янги Зеландия эпидемия тарқалишини жиловлаб туриш ва кичик маҳаллий ўчоқларни тезда ўчиришга у ёки бу даражада муваффақ бўлаётганди. Бироқ касалликнинг Delta штамми билан боғлиқ ҳолатлар ўсиши аҳоли бундан кейин ҳам Covid-19 билан бирга яшаши ҳақиқатга айланишига кўникиши кераклигини кўрсатди.

Аввалроқ янги зеландияликлар кўпчилик бўлиб ҳукуматнинг коронавирусга қарши ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганди. Бироқ ҳозир бу чораларнинг бир қисми бефойда бўлиб чиқди. Бор-йўғи бир ой ичида ҳукуматни маъқуллаш даражаси 60 фоиздан 46 фоизга тушиб кетди.

Коронавирусли ит

Итларнинг коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кам учрайди. Уэссек графиняси итларни тайёрлаш марказида.
Кўриб турганингиздек, у ҳам, ит ҳам ниқоб тақмаган.
Фото: Getty Images

Буюк Британияда илк марта итнинг Covid-19 юқтириш ҳолати қайд этилди. Соғлиқ хавфсизлиги агентлиги бу каби ҳолатлар кам учраши, ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонлари ўз эгаларига коронавирус юқтириши борасида жиддий исбот йўқ эканини билдирди. Мушук, ит эгаларига ҳеч бўлмаганда оддий гигиенадан келиб чиқиб, қўлларни тез-тез ювиб туриш тавсия этилди.

Агентликнинг ёзишича, жониворлар юнги эшик ушлагичлари каби жуда қисқа вақт давомида коронавирус ташувчиси бўлиши мумкин. Буюк Британия бош ветеринари Кристин Миддлмисснинг айтишича, «касалланган ит умуман бошқа сабаб туфайли даволанган, ҳозир тузалмоқда. Итларнинг коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари кам учрайди ва улар тез тузалади».

Агар касаллик уй ҳайвонларидан одамга юқишини кўрсатувчи янги ҳолатлар пайдо бўлса, Соғлиқ хавфсизлиги агентлиги бу ҳақида зудлик билан хабар қилишга ваъда берди.

Аввалроқ Сингапурдаги ҳайвонот боғида икки шерда коронавирус тасдиқланганди.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид