Ўзбекистон | 13:00 / 13.11.2021
10432
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Галина Саидова бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” GTL лойиҳасининг ишга туширилиш олди ҳолатини ўрганди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида “Нефть ва газ, электр энергетика, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати” мавзусидаги бўлиб ўтаётган ҳудудий саноат ярмаркаси доирасида ва Ўзбекистон Республикаси президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Олимхон Рустамов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метани асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” (GTL) лойиҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ҳозирда лойиҳа бўйича умумий бажарилган ишлар 97,4 фоизни ташкил этиб, заводнинг технологик ускуналарини босқичма-босқич ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Заводнинг технологик зонасида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Қурилиш ишлари 95,7 фоизга бажарилган.

Объектда 6,5 мингдан ортиқ ишчи ва муҳандислар, 500 та махсус техника ишламоқда. Қурилиш майдонига жами 1045 та технологик ускуналардан 1010 таси етказиб келиниб, 955 таси ўрнатилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ишчи ташриф давомида делегация вакиллари заводнинг марказий бошқарув пульти ва марказий лабораторияси фаолияти билан танишди. Бундан ташқари, ташриф давомида мутасаддилар заводнинг технологик зоналарида ишга тушириш жараёнининг бориши билан танишди. Шунингдек, қурилиш майдончасида GTL лойиҳасини қуришнинг якуний босқичларида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунга қадар бош подстанция ишга туширилиб, завод ташқи тизимдан электр энергияни қабул қилишни бошлади, назорат ўлчов ва автоматика тизимининг бошқарув биноси, Марказий бошқарув пульти, хом сувни қайта ишлаш қурилмалари, Минералсиз сув ишлаб чиқариш ҳамда ёнғин ўчирув сув тизими, Машъала тизими ва буғ ишлаб чиқариш котеллари, Сувни совитиш қурилмаси, мойли сувни қайта ишлаш тизими фойдаланишга топширилди, заводга ёнилғи гази қабул қилиш бошланди. Заводда қурилиш ишлари шу йилнинг якунига қадар тугатилиши режалаштирилган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

GTL компанияси раҳбарияти томонидан корхонанинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган импорт қилинадиган товар-моддий захираларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича компания томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Айтиш жоизки, заводни барпо этилишида 360 млн доллардан ортиқ маҳсулотлар ва хизматлар бевосита мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан харид қилинган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Шу билан биргаликда, “Uzbekneftegaz GTL” заводи негизида газ-кимё кластерини барпо этиш мақсадида заводнинг чиқадиган хом ашёни чуқур қайта ишлаган ҳолда юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни, хусусан углеводород фракциялари асосида Гексен-1, Бутен-1, ЛАБ, грануляция қилинган парафин, манилин ангидрид каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш масаласи ўрганилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ташриф якунлари бўйича маҳаллийлаштириш ҳамда маҳаллий маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, “GTL” заводи негизида юқори ликвидли истиқболли лойиҳаларни чуқур ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид