Технологик тараққиёт криптовалюталар, хусусан улар орасида энг таниқлиси бўлган Bitcoinʼга талабнинг тез суръатларда ўсиб боришига катта туртки берди.

Криптовалюта нима?

Криптовалюта — махсус кодлар орқали ҳимояланган рақамли актив бўлиб, жўнатма операцияларида пул ўрнида ишлатилади. Унинг жисмоний нусхаси йўқ, фақат электрон ахборот шаклида тайёрланади.

Хўш, криптовалюта харид қилиб, фойда олиш мумкинми?

Ислом молияси бўйича халқаро мутахассис Хондамир Нусратхўжаев ўз телеграм каналида криптобизнеснинг туб моҳиятини англашга ёрдам берадиган бир ҳикояни (инглиз тилидан таржима қилинган) келтириб ўтди.

«Қадим замонда бир савдогар бўлган экан. Бир куни у бир қишлоқ яқинида маймунлар тўдаси яшашини билиб қолибди. Кейин савдогар қишлоққа бориб, у ердаги аҳолига маймун сотиб олиш нияти борлиги ва тутиб келинган ҳар бир маймун учун 100 танга миқдорида пул бермоқчи эканини айтибди.

Қишлоқ аҳолиси, даставвал, ушбу ҳолатдан роса таажжубга тушишибди – қандай қилиб бу инсон битта дайди маймун учун 100 танга бериши мумкин?!

Бироқ қишлоқдаги айрим одамлар маймунларни тутиб келиб, савдогарга топшира бошлабди ва ҳар бир маймун учун ваъда қилинганидек 100 танга миқдорида пул олибдилар. Бу хабар бутун қишлоқ бўйлаб яшин тезлигида тарқалибди ва бошқа одамлар ҳам бирин-кетин маймунларни тутиб келиб, савдогарга сота бошлашибди.

Бир неча кун ўтгач, савдогар эндиликда ҳар бир маймун учун 200 тангадан бермоқчи эканини эълон қилибди. Қишлоқ аҳолиси бу хабардан саросимага тушиб, қолган маймунларни ҳам тутиб кела бошлабди.

Савдогар ваъда берганидек, ҳар бир маймун учун 200 тангадан тўловни амалга оширибди.

Орадан бироз вақт ўтгач савдогар энди ҳар бир маймун учун 500 тангадан тўлашини атрофга овоза қилибди. Қишлоқ аҳолиси навбатдаги хабардан эсанкираб, кўзларига уйқу ҳам келмай қолибди.

Одамлар охирги қолган олти ёки етти чамасидаги маймунларни ҳам ушлаб келиб, ҳар бирини 500 танга эвазига савдогарга топширишибди. Шундан сўнг қишлоқ аҳолиси энди нима бўларкин, деб кута бошлабди. Бу орада савдогар бир ҳафталик таътилга кетаётгани ва таътилдан қайтгач, ҳар битта маймун учун 1000 танга пул беришини маълум қилибди.

Шунингдек, таътилдан қайтгунига қадар ёрдамчиси шу пайтгача харид қилинган маймунларни парвариш қилишга масъул эканини айтиб кетибди. Савдогар таътилга кетибди. Қишлоқ аҳолиси эса 1000 танга мўмай даромадга эга бўлиш учун тутиб келса бўладиган маймун қолмаганидан ноумид бўлиб, маҳзун ҳолга тушиб қолибди.