Ўзбекистон | 21:52 / 17.11.2021
10365
3 дақиқада ўқилади

Ноқулай об-ҳаво туфайли Ўзбекистон ҳудудларида электр таъминотида муаммолар юзага келмоқда

Қор ёғиши туфайли Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр энергия узатишда узилишлар юзага келмоқда. Бундан ташқари, «Хасково» подстанциясида қисқа туташув натижасида Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясида 17 ноябрь куни соат 17:10ларда қисқа туташув натижасида ўчиш содир бўлган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Натижада Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Ҳозирда Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг аварияга қарши махсус бригадалари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланиши айтилди.

«Шунингдек, мамлакатимизга кириб келган совуқ об-ҳаво оқими, кучли шамол ҳамда қор бўрони электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларига шикаст етказмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда», дейилади хабарда.

Махсус бригадалар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.

Фото: Hududiy elektr tarmoqlari
Фото: Hududiy elektr tarmoqlari

16 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Хосилот» подстанциясида ортиқча юк туфайли кабель ёниб кетган, бир қатор массивлар электр энергиясидан узилганди.

Фото: Бахтиёр Раҳмонқулов / Facebook

Бундан аввалроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси об-ҳаво ноқулайлиги сабаб бир қатор халқаро ва маҳаллий рейслар парвозини кечиктиргани тўғрисида хабар берилганди. Об-ҳаво шароити билан кечиктирилган яна бир неча халқаро ва маҳаллий рейслар кейинроқ ўз йўналиши бўйича учиб кетган. Фақат Turkish Airlines авиакомпаниясининг соат 09:45да Тошкент—Истанбул йўналиши бўйича учиши керак бўлган ТК-369 рейси номаълум муддатга қолдирилган.

Фото: t.me/na_begu

«Об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли 17 ноябрь куни режалаштирилган баъзи бир қатновлар вақти кечиктирилишини маълум қиламиз. Ушбу муносабат билан барча йўловчилар Uzbekistan Airways АЖ алоқа маркази томонидан қатновларнинг кечиктирилиши борасида хабардор қилинишларини эслатиб ўтамиз. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилганди авиакомпания хабарида.

Мавзуга оид