22:48 / 18.11.2021
6660

2021 йилда 3700 нафар аёлнинг ҳомиласида туғма нуқсон мавжудлиги аниқланган – сенатор

Сенатнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида сенатор Манзура Салимованинг айтишича, 2021 йилнинг январь– сентябрь ойларида скрининг ультратовуш текширувидан ўтказилган 3 700 нафар аёлнинг ҳомиласида туғма нуқсон мавжудлиги аниқланган.

Фото: Getty Images

“2021 йилнинг 9 ойи давомида “Она ва бола скрининг” марказлари томонидан ҳомиладаги нуқсонларни барвақт аниқлаш мақсадида хавфли гуруҳга кирувчи 210362 нафар ҳомиладор аёл скрининг ультратовуш текширувидан ўтказилган. Шундан 3700 нафар аёлда ҳомиланинг туғма нуқсони мавжудлиги аниқланиб, 3175 та ҳомиладорлик ўз вақтида тўхтатилган.

Шунингдек, 541 570 нафар янги туғилган чақалоқ туғма гипотиреоз (қалқонсимон без фаолиятининг кескин сусайиши) ва фенилкетонурия (руҳий ривожланиш сусайишига олиб келувчи ва наслдан наслга ўтувчи, туғма модда алмашинуви бузилиши) касалликларига скрининг текширувларидан ўтказилган.

Текширувлар натижасига кўра 7 392 нафар чақалоқда туғма гипотиреоз ва 3 897 нафарида фенилкетонурия касаллигига мойиллик борлиги аниқланган. Аниқланган касалликлар скрининг марказларида диспансер назоратига олиниб, соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда”, дея Манзура Салимованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари 2020 йилга нисбатан ортгани маълум қилинганди.

Top