22:10 / 18.11.2021
25427

Бош прокуратура ҳайъат йиғилишида 18 нафар ходим интизомий жазога тортилгани маълум қилинди

Қайд этилишича, ушбу ходимлар фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун жазоланган.

Фото: Бош прокуратура

18 ноябрь куни Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда идора матбуот хизмати. Йиғилишни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўтказган.

Ҳайъат йиғилишида мамлакатда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинган. Шунингдек, прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, коррупциявий ҳолатлар кескин танқид қилинган.

Бироқ расмий релизда сўз айнан қандай ножўя ҳаракатлар, коррупциявий ҳолатлар бораётганига аниқлик киритилмаган. Йўл қўйилган хато-камчиликларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили натижалари очиқланмаган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси раҳбарларининг ҳисоботлари тингланган.

Йиғилишда фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланди. Бироқ ушбу ходимлар айнан қандай хатоларга йўл қўйгани, хизмат вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиш деганда нима назарда тутилгани, уларга нисбатан қандай интизомий жазолар қўллангани мавҳумлигича қолган. Шу билан бирга, 18 нафар прокурорнинг иш жойи, лавозимлари ҳақида лом-мим дейилмаган.

 

Фото: Бош прокуратура

“...Ходимлар масъулиятини тубдан ошириш, прокуратура ходими деган номга доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этмасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилди”, дейилади расмий релизда.

Аввалроқ 17 июль куни ўтказилган Бош прокуратура ҳайъати йиғилишида 2021 йилнинг биринчи ярмида 208 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, шунингдек, прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилиши таъминлангани айтилганди.

Top