Сардоба тошқинидан зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзлари берилади
Қонунда Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларидаги тоғли ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларда фаолият олиб бораётган тадбиркорларга ҳам бир қатор имтиёзлар назарда тутилмоқда.
“Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Ушбу қонун билан Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманлари, тоғли ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этилган, ушбу туманларда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) 2024 йил 1 январгача:
— ер солиғи;
— мол-мулк солиғи;
— айланмадан олинадиган солиқ;
— якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январгача фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши кўзда тутилмоқда.
Қонун билан Сардоба тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябргача юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулкка солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Аввалроқ, Kun.uz қонунда Сардоба тошқинидан зарар кўриб, бир ярим йилдан буён пулини ололмаётган сирдарёлик фермерларга имтиёзлар бериш нега назарда тутилмаётгани борасида расмийларга савол билан мурожаат қилганди. Бунга жавобан, Қонунчилик палатаси депутати Мағфират Хушвақтова уларга етказилган зарар қопланиб, тегишлича имтиёзлар берилганини билдирган. Молия вазирлиги вакили эса қонун лойиҳаси Ҳукумат баённомаси асосида ишлаб чиқилганини, фермерларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш бўйича депутатлар таклиф киритиши кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Сардоба тошқинидан зарар кўриб, узоқ вақт компенсация ололмай келган балиқчилар ва фермерлар мурожаати Kun.uz’да ёритилганидан сўнг, масала тадбиркорлар фойдасига ҳал бўлганди.
Мавзуга оид
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
10:20 / 24.09.2024
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
08:20 / 01.07.2024
Ўзбекистонда солиқ тўловчилар 5 ойда 10,6 трлн сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланди
09:08 / 01.06.2024