«Ислом иқтисодиётини бизга олиб келишнинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ» – Ислом молияси ҳақида суҳбат
Ислом молияси нима ва унинг анъанавий молиялаш тизимидан қандай фарқи бор? Ривожланган давлатлар нега ислом иқтисодиётидан кенг фойдалана бошлади? Исломий молиялаш тизимини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкинми? Шу ва бошқа саволларга навбатдаги дастуримизда жавоб оласиз.
Kun.uz дунё иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган, бугунги кунда ривожланган давлатларда ҳам кенг жорий этилаётган исломий молия тизими ҳақидаги туркум суҳбатларни бошлайди. Лойиҳанинг илк меҳмонлари «Ассоодиқ» лойиҳаси таъсисчилари Абдулманнон домла Абдуллоҳ ҳамда Жаҳонгир Дадажонов бўлди.
— Охирги пайтларда халқимиз орасида ислом молияси тушунчаси тез-тез тилга олинмоқда. Ҳукумат ҳам Ўзбекистонда исломий банкларни ташкил этиш бўйича ишлар бошланганини маълум қилган. Аввало, ислом молияси тушунчасига изоҳ берсангиз?
— Абдулманнон Абдуллоҳ: Халқимизнинг 95 фоизи ислом динига эътиқод қиладиган мусулмонлар бўлгани учун ислом молияси деган нарса юртимизда қизғин қабул қилиняпти. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки иймон тақозоларидан биттаси иқтисодни ҳам ақидага мувофиқ тарзда тўғрилаб олишдир.
Ислом иқтисодиёти – бу илоҳий таълимот. Унга амал қилган инсон тараққиётга, муваффақиятга эришмаслигининг иложи йўқ. Европа халқи мусулмон бўлгани учун эмас, иқтисодига катта фойда келтиргани учун буни танлаяпти.
Банк ҳам янги ўйлаб чиқарилган нарса эмас. У ҳам аслида исломий таълимотнинг бир бўлаги.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ашараи мубашшаралардан бири, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг иқтисоддаги шогирдлари бўлган.
У зот бир кунда 1000 нафар одамни ишлатаркан. Банкни ташкил қилган. Одамлар пулини омонатга қўямиз дейишса, «Ундай қилманглар. Менга қарз сифатида беринглар», деганлар. Омонат билан қарзнинг нима фарқи бор, дейилса, омонат мабодо ўғирлаб кетилса ёки йўқотиб қўйилса тўланмайди. Омонатнинг ҳукми шунақа. Лекин қарз дейдиган бўлса, тўлаш керак. Ҳалиги 1000 ишчи ўзларидан олинган қарз эвазига фаолият юритган.
У киши одамлардан олинган пулларни музораба, муробаҳага йўналтирганлар. Ширкат қилиб туриб, катта-катта қурилишларга ишлатганлар. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг танлови эди.
Демак, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бошлаб банк тизими бўлган ва яхши фаолият юритган. Вақт ўтиши мобайнида банк тизимидан тўғри фаолият юритилиши давом этиб, озгина ўзгаришларга учраган.
Ислом иқтисодиётини олиб келишнинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Исломий таълимот аввалдан бўлган. Ислом янги маҳсулотларга қаршими, деган саволлар бор. Йўқ, ҳеч қанақасига қарши эмас. Балки ислом таълимоти бўйича ҳамма нарсанинг асли мубоҳ. Бир инсон ақлини ишлатиб янги маҳсулотни ишлаб чиқарса, унинг шариатга зид жойи бор ёки йўқлигига қаралади. Зид жойи бўлса тўғрилаб қўйилади, бўлмаса ўша ҳолатда давом этиб кетилаверади.
Халқимизда «эскича» деган сўз энди йўқолди. Ислом эскича дин эмас, у қиёматгача яп-янги эканини кўпчилик энди тушуниб етди.
Шунга ўхшаб, ислом иқтисодиётини ҳам маълум бир даврларда зўр иш берган продуктлар деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Инсоннинг эҳтиёжи – сотади, сотиб олади, бирини ёллайди, бири ёлланма ишчи бўлади. Худди шунга ўхшаган олдин сал соддароқ кўринишда бўладиган бўлса, ҳозир озгина мураккаброқ кўринишда, холос.
Мураккаб ҳолатларига ҳам ислом уламоларининг тайёргарлиги борми? Аламдуллиллоҳ! Уламоларимиз, ҳар замоннинг фуқаҳолари ўша замон инсонларига керакли бўлган маҳсулотларни шариатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини тўғрилаб берганлар. Бу ҳамма вақтда бўлган. Қизиқ томони шундаки, олдинги фуқаҳоларимиз фаразан савол бериб, жавоб ҳам қайтариб қўяверганлар. Ҳозирда ҳам шунақа уламоларимиз бор. Улар мабодо 50-60 йилдан кейинги ҳолатларни ҳам белгилаб беряптилар.
Бутун дунё, Америка борми, Англия борми, ривожланган Германия борми, ҳаммаси ислом иқтисодиётини юритиш бўйича қонунлар чиқариб қўйган. Анъанавий тижорат қилмоқчи бўлсангиз мана бу қонун, ислом иқтисодига мувофиқ тижорат қилмоқчи бўлсангиз ана қонун. Хоҳласа музораба, муробаҳа, истаса мушорака тарзида юритсин.
Тараққиётимизга сабаб бўладиган жиҳатлардан бири – исломий таълимотларга қадам қўйишимиз. Чунки бунга қадам қўйиладиган бўлса, тараққиёт бўлмаслигининг иложи йўқ. Чунки бу ақл орқали ўйлаб чиқарилган таълимот эмас, илоҳий таълимот. Илоҳий таълимот бўлгандан кейин натижа бермай иложи йўқ.
— Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида ислом молиясининг тутган ўрни қай даражада? Бу соҳа қайси давлатларда ривожланган ҳамда уларнинг тажрибаларини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкинми?
— Жаҳонгир Дадажонов: Устозимиз айтганларидек, ҳатто Европа давлатларида ҳам, мусулмонлар 2-3 фоиз бўлган мамлакатларда ҳам ислом молияси бор.
Ислом молияси деганда урғу бериб алоҳида нарсага чиқариб олишимиз шарт эмас. Бугунги кунда ҳам одамлар шерикчилик қиляпти. Икки одам пул тикяпти. Бир нарса олиб келяпти. Шу ҳам ислом молиясига киради, яъни мушорака дейилади.
Бир одам бозордан нарса олиб келиб бўлиб тўлашга сотяпти. Буни муробаҳа деймиз.
Масалан, биров уй қурдиряпти ёки буюртма асосида мебел ясатяпти. Бу шариатда истисна дейилади. Булар ҳозир жамиятимизда бор. Фақат номини, фарз ва вожибларини билмаганимиз учун ҳам уни бузиб қўйяпмиз. Шуларни бироз тўғриласак бўлди ва тўғрилашнинг иложи ҳам бор.
Фуқаролик ва бошқа қонунларни ўрганиб қўйганмиз. Қонунларимизнинг ислом молиясига зид жойлари жуда кам. Фақат шу банк соҳасида муаммолар бор. Муаммо шундаки, аҳолидан пул қабул қилиш ислом молияси тамойилларига мос эмас.
Пулларни бошқаришда сармоя бўлса, кейин уни шерикликка, истиснага, салам савдосига, муробаҳага ва ҳоказо бошқа ислом молияси продуктларига йўналтириш мумкин.
Ҳозирги кунда аҳолидан келадиган асосий пул оқимлари банкларга фақат қарз орқали кириб келмоқда. Омонат дегани билан фуқаролар банкка қарз беради. Омонат аслида ишлатилмай, жойида туриши керак бўлган пул. Банк у пулни олганидан кейин ишлатмаслиги керак.
Бунда халқдан пулларни икки кўринишда олиш мумкин. Биттаси музорабага, иккинчиси мушоракага. Асосан музорабага олинади ва пуллар керакли лойиҳаларга йўналтирилади. Масалан, машҳур 7та продукт бор. Уларга тикишади. Бу ҳақда бироз тушунча бўлса, амалга ошириш мумкин.
Асосий пул оқимлари ислом молияси тамойилларига мос келмагани учун банкларнинг бу томонлари ривожланмаяпти. Лекин халқнинг ичида бузилиб қилинаётган бўлса ҳам бу нарса бор. Фақат қандай тўғри қилишни билиб олишимиз керак. Шуни халқимиз қўллашни бошласа, кейин уни қонунларга киритиб тўғрилаб борилаверади.
— Абдулманнон Абдуллоҳ: Ҳозирги анъанавий иқтисоддан ислом иқтисодининг нима фарқи бор? Айтарли катта фарқлари йўқ. Фақат исломда бир неча муҳим шаблонлар қўйиб қўйилган. Ўшаларга риоя қилинса бўлди.
Масалан, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ал ғунму бил ғурми», деганлар.
Инсон бир нарсадан фойда олиши учун ғурум деган нарсага эътибор қаратиши керак. Ғурум нима? У маблағ тикиш, ишлаш ва насия олса унинг жавобгарлигини бўйнига олиш. Шу қоидага амал қилинса бўлди. Ўз-ўзидан текиндан фойдага ўтириб олишлар, ноҳақдан фойда ейишлар, кимларнингдир моли бошқалар қўлига ноҳақ ўтиб кетиш ҳолатлари тўхтайди-қолади. Шунча одам ўз қилган фаолиятига қараб ҳақ олишни бошлайди.
Масалан, завод билан битта мижозни таништириб қўйяпти. Қилган иши шу. Бунинг учун ҳақ олиши мумкинми? Мумкин. Лекин бир марта ҳақ олиш мумкин. Аммо энди бир марта таништиргандан кейин то ўша ўртадаги алоқа узилгунча ҳақ олиб, еб ўтирибди.
Ваҳоланки, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ал ғунму бил ғурми», деган шартлари бу одамда топилмаяпти. Тўғри, бир марта топиляпти. Лекин давомийлик, фойдани ҳосил қилиш деган нарса йўқ.
Шариатдаги 5-6тагина асосий жойларига эътибор бериб қўйилса, ҳеч қандай тузатишларга ҳам ҳожат йўқ. Янги бир нарсани олиб чиқишга ҳам ҳожат қолмайди.
— Ҳозирда кўплаб тадбиркорлар ва бошқа соҳалар вакиллари ҳам шу билимларга муҳтожлиги маълум. Айни пайтдаги фаолиятингиз ислом молияси билан боғлиқ бўлгани учун бу бўйича нима ишлар амалга оширилаётгани, ўзингиз ҳамкорлигингизда таъсис этилган лойиҳа ҳақида маълумот берсангиз.
— Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг орзуларидан бири ислом иқтисоди тўғрисида китоб ёзиш эди. Ҳазрат ислом ақидаси, ибодатга тегишли, руҳий тарбияга оид китоблар ёзди. Ҳаётлик пайтларида ислом иқтисодиётига оид китоб ёзиш орзуларини гоҳи-гоҳида изҳор қилиб турардилар. Умрлари кифоя қилмаган экан. Шу нарса бизга асосий туртки бўлиб, шу жиҳатни биз ҳам давом эттирсак деган ният туғилди.
Фаолиятимиз давомида билдикки, халқимиз бунга ўта чанқоқ экани кўриниб қолди. «Қайга боришни билмай, фалон масалага жавоб излаб қийналиб тургандик», дегувчилар кўп учрамоқда. Албатта, бунинг ҳам илми бўлиши керак-ку, деб «Ассоодиқ» лойиҳасини бошладик. Бу Жаҳонгир билан бошчилигимизда бошланди.
Ҳозирда инсонларнинг иқтисодий муносабатларини тўғрилашга ҳаракат қилиняпти.
— Жаҳонгир Дадажонов: «Ассоодиқ» лойиҳамиз одамларга ислом молияси таълимотларини беришга хизмат қилади. 1 кунлик, 10 кунлик тренингларимиз бор. Бир кунликда бир мавзу олинса, 10 кунликда ислом молиясига оид билимлар бошидан охиригача берилади. Шу билан бирга, бошқарув илми, маркетинг мавзулари ҳам ўргатилади.
— Республикамизда анъанавий банклар ривожланган. Уларнинг молиявий айланмасида кредит катта фоизларни эгаллайди. Кўпчилик кредит олади. Ислом иқтисодиётида кредитга муқобил қандай ечимлар ёки чоралар таклиф қилинади?
— Абдулманнон Абдуллоҳ: Айтганимдек, Зубайр иб Аввом розиёллоҳу анҳу банк ташкил қилган. У нима қиларди? Одамлардан пул олишда омонат дейилса, олмасди. Йўқ, омонат эмас қарзга беринглар дердилар. Биз бу қарзни оламиз ва маълум бир томонга йўналтирамиз, деганлар. Бу инсониятга ниҳоят даражада фойдали экани кўринади. Қачон фойда кўрамиз, қачонки маблағ тикилса, меҳнат қилинса, жавобгарлик бўйинга олинадиган бўлса. Талафотга учраса, пул ўзининг миқдорича қайтариб берилади. Йўқ, агар ҳам қарз ҳолатда, ҳам кўпайиб туришини хоҳлайман десанг, музорабага тикамиз, деганлар.
Тижоратни зўр эплаб, маблағга муҳтож бўлган шахслар бор. Ўшаларга тикамиз. Ишлаб чиқаришга берамиз. Улар кўпайтириб беради.
Бу ерда адолатли тизим бор – фойда кўрмаса ҳақ олмайди. Шу холос.
Ўша банкдан тадбиркорлар ҳаммаси маблағ олаверади. Масалан, музораба. Маблағ сиздан, айлантириб, кўпайтириб фойда кўриш мендан. Шунда фойдани бўлишаверамиз.
Яна биттаси шерикчилик. Сиз пул тикасиз, биз ишлаб чиқаришларга йўналтирамиз, деҳқончилик ва бошқа маблағ керак томонларга сарфлаб, фойда кўрсак фалон қисмини сиз билан бўлишамиз. Бу ерда нима фарқи бор дейилса, фойда кўрсак бўлишамиз деган жойи бор.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов.
Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024