Жаҳон | 09:01 / 22.11.2021
18717
4 дақиқада ўқилади

Латвия ёшларини йўқотяптими? Улар «пул ташувчи хачир»га айланиб қолаётгани айтилди

Фото: stock.adobe.com

Латвияда ёшлар борган сари фирибгарлик ишларига аралашиб қолмоқда. Мамлакат полицияси уларнинг қонунни билмаслиги жавобгарликдан халос қилолмаслигини эслатмоқда.

Латвия полицияси ёшларга нисбатан ноқонуний пуллар айланмасида криминал ташувчилик қилганлик бўйича 50 дан ортиқ иш очган. Маълум бўлишича, ёшларнинг аксарияти бу юмуш жиддий қонунбузарлик эканидан бехабар.

«Афсуски, охирги икки ойда ёқимсиз бир ҳолат кўп такрорланмоқда: ёш фуқаролар ноқонуний пул ташувчи курьерларга айланишмоқда. Улар ноқонуний пулларни «ювиш», жиноий йўллар билан ишлаб топилган пулларни ечиб олишда ўз ҳисоб рақамларидан фойдаланишга рухсат беришмоқда», — дейди Латвиядаги Citadele банки IT-хавфсизлиги бўйича бўлим бошлиғи Каспер Бришка.

Охирги икки ой давомида Латвия банкларида ёшларнинг ҳисоб рақамида телефонда амалга оширилган фирибгарлик натижасида ишлаб топилган пуллар тушиши бўйича 30 та ҳолат аниқланган. Катта эҳтимол билан улар бу ишларининг оқибатидан бехабар. Ёшлар ўз ҳисоб рақамларидан «шунчаки» фойдаланишга рухсат берган бўлишларига қарамай, жавобгарликдан қуруқ қолмайди, чунки ҳисоб рақам эгаси пулларнинг ҳақиқий соҳиби ҳисобланади.

Латвия полицияси ёшлар қилаётганлари жиноят экани билмай унга қўл ураётганидан хавотирда. Чунки бундай турдаги иқтисодий жиноятни содир этганлик учун 2, баъзан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

Eurostat 2020 йилда «Европа ёшлари» номли 16–29 ёшлилар ҳақида таҳлилий ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботда, табиийки, Латвия ёшлари ҳақида ҳам сўз борган. Унда айтилишича, 16-29 ёшдаги 60,4 фоиз латвияликларгина ота-онаси билан бирга яшайди. Бу кўрсаткич бир йил олдингидан 2 фоизга камайган. Шунингдек, ҳисоботда латвияликлар ўртача 26 ёшда ота-онасидан айри яшай бошлаши келтирилган. Мамлакатда қизларнинг ўртача турмушга чиқиш вақти 29,2 ёшни, йигитларнинг ўртача уйланиш вақти эса 31,8 ёшни ташкил этмоқда.

Докладга кўра, Латвияда 15-19 ёшлиларнинг 8,1 фоизи ишлайди. 20-24 ёшлилар орасида бу кўрсаткич 56,9 фоизга, 25-29 ёшлиларда эса 81,4 фоизга етади. 2019 йилда 15-29 ёш оралиғидаги латвияликларнинг 34,4 фоизи бошланғич, 45,6 фоизи ўрта ва атиги 20 фоизи олий маълумотга эга.

Кейинги маълумотлар янада қизиқ ва ўз навбатида Латвия ҳукумати учун хавотирли. Мамлакатдаги ёшларнинг кўпчилиги бошқа мамлакатда яшашни истайди. Болтиқбўйи мамлакатларидаги 4 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган сўровнома якунлари шундай хулосага келишга имкон берган. Латвия ёшлари орасида АҚШ, Германия ва Испания улар яшашни истайдиган энг машҳур манзиллар. Сўровномада қатнашган латвиялик ёшларнинг чорак қисми мамлакатни бутунлай тарк этмоқчи эканини айтган.

Охирги ўн йилда Латвия аҳолиси 177 мингга камайган. Бу эса мамлакатдаги Даугавпилс, Лиепая ва Резекне шаҳарларининг умумий аҳолиси демак. 2021 йил ҳисоб-китобига кўра Латвияда 1 миллион 893 минг одам яшайди. Бу эса бир йил олдингидан 14,5 мингга кам дегани. Латвияни асосан 20-39 ёшдаги аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми тарк этмоқда. 2020 йилда Латвияга 8,8 минг киши борган, аммо 12 минг доимий фуқаролар мамлакатни тарк этган.

Мавзуга оид