Спорт | 19:19 / 25.11.2021
10751
6 дақиқада ўқилади

«Футболда пул доим ҳал қилувчи омил эмас, мураббий бизни оилага айлантирди» – «Динамо» сардори Обид Жўрабоев билан суҳбат

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси кўпчилик учун кутилмаганда Про-Лига вице-чемпиони сифатида Суперлигага йўл олди. Албатта, «Динамо»нинг юқори дивизионга чиқиши ажабланарли эмас, лекин қолган рақибларга қараганда нисбатан чекланган молиявий имконият ва таркиб билан Самарқанд клуби чиндан кутилмаганда олий дивизионга қайтди. Tribuna.uz «Динамо» сардори Обид Жўрабоев билан суҳбат уюштирди.

Кейинги мавсумда 36 ёшда бўладиган Жўрабоев марказий ҳимояда ўйнайди. У ўзбек футболида 15 йилдан буён фаолият юритади ва бу вақт давомида кўп жамоаларда ўйнади. Наманган футболи вакили бўлган Жўрабоев «Локомотив», «Қизилқум», «Шўртан», «Олмалиқ», «Андижон», «Навбаҳор» каби жамоаларда ўйнаган. «Динамо»да эса чинакам етакчига айланди. Ўзининг айтишича, фаолияти якунида бунақа ҳурматга эга бўлишини кутмаган.

«Бизга кўпчилик ишонмаганди»

Фото: Tribuna.uz

Футболчи мавсум аввалида «Динамо»га кўпчилик ишонмаганига қарамай, жамоа ўз олдига қўйилган вазифани қандай уддалаганини айтиб берди: «Ҳа, бизга кўпчилик ишонмади, ҳамма «Бухоро» ва «Нефтчи» чиқади, деганди. Лекин Ҳаким Фузайлов бизни бир оилага айлантира олди. Таркибимизда юлдуз футболчилар бўлмаса-да, меҳнаткаш йигитлар йиғилди. Мураббий доим шу ҳақда гапирарди, менга майдонга меҳнат қиладиган йигитлар керак, дерди. Мавсум давомида ўйинимизни топиб олиб, мусобақа тугашига уч тур қолганда вазифани бажардик. Ҳа, бизда молиявий имконият яхши бўлмаса-да, барчани севимли машғулот – футбол ўйнаш хоҳиши бирлаштирди», дейди самарқандликлар сардори.

Фото: Tribuna.uz

Футболчи Ҳаким Фузайлов ва ўзининг Самарқандда бошқача ҳурмат топгани ҳақида ҳам такрор-такрор гапирди: «15 йилдан буён юқори дивизионларда футбол ўйнайман. Олдин молиявий жиҳатдан кучли жамоаларда ўйнадим, лекин фаолиятим якунида бундай яхши мураббий билан ишлашни, бундай ҳурмат топишимни ўйламагандим. Фузайлов бироз назардан қолган бўлиши мумкин, лекин бизга унинг тажрибаси ёрдам берди. Ахир у «Локомотив»да қандай ишлаганини эсланг», дейди ҳимоячи.

«Навбаҳор»дан кетиш

Фото: Tribuna.uz

Жўрабоев Наманган футболи вакили бўлса-да, 2016 йилга келибгина вилоят бош жамоаси «Навбаҳор»га ўтади. Унинг 2020 йил клубдан кетишига эса ўзининг айтишича, «Бунёдкор» билан ўйинда йўл қўйган биргина хатоси сабаб бўлган. Шундан кейин Канчелскис футболчини ўринбосарлар таркибига ўтказиб юборган. Захирада қолиб кетаётган футболчини Сергеш Лушчан «Динамо»га таклиф қилган ва икки мавсумдан буён Жўрабоев «Динамо»да ўйнаб келади.

Мураббий

Фото: Tribuna.uz

Жўрабоевнинг фикрича, Ҳаким Фузайлов жамоадан кетиши ҳақидаги гаплар ҳақиқат бўлмаса-да, футболчиларнинг кайфиятига ёмон таъсир қилган: «Фузайловнинг ишидан ҳамма рози, клуб ҳам, футболчилар ҳам. Ҳамма йигитлар кейинги мавсумда ҳам унинг мураббийлигида ўйнашни истайди. Мураббийнинг ўзи ҳам ғолиблик кайфиятидаги ҳозирги таркиб асосини сақлаб қолган ҳолда 5-6 футболчи билан таркибни кучайтириш истагида».

Таксичидан чиққан сардор

Фото: Tribuna.uz

Жўрабоев фаолияти бошида муваффақиятсизлик сабаб футболдан кетишга мажбур бўлганини ҳам эслади. У 2003-2006 йилларда қуйи лиганинг ҳаваскор жамоасида ўйнаш асносида таксичилик билан шуғулланган. Ҳам ишлаб, ҳам футбол ўйнаётган Обидни кўрган собиқ футболчи Шавкат Мусабоев эса уни «Локомотив-БФК» жамоасига синовдан ўтишга таклиф этади. «Темирйўлчилар»да яхши таассурот қолдирган футболчи кейинги йилдан бош жамоага олинади ва шу-шу 15 йилдан буён юқори дивизионларда ўйнаб келади.

Про-Лига даражаси

Фото: Tribuna.uz

Жўрабоевнинг айтишича, Ўзбекистонда иккита яхши лига шаклланди ва футболчилар учун биринчи лигага (эндиликда Про-Лига) ўтиш бир неча йил олдинги каби фожиали эмас: «Мен ўтган мавсумда ўзимни Суперлигада ўйнагандай ҳис қилдим, чунки эътибор, муносабат бир хил эди. Ўйинимизни мамлакатдаги асосий футбол канали «Futbol TV» олиб берди. Бу ҳам ўйинлар олдидан алоҳида кайфият бағишлайди. ПФЛ бу борада яхши ишлаганини эътироф этаман», дейди футболчи.

Ёш футболчиларнинг шаклланиш жараёни

Фото: Tribuna.uz

Жўрабоев «Динамо»да тажрибали футболчилар ва ёшларнинг бир-бирини тушуниши яхши шаклланганини айтди. Суҳбатдошимиз жамоадаги Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Ҳумоюн Шербўтаев ва Шоҳрух Абдураҳмонов ҳақида илиқ фикрлар билдирди: «Мураббий ўйиндан олдин мен, Рўзимбой (Аҳмедов) ва Сардорни (Эминов) чақириб, бизга ишонишини айтади. Ёш йигитлар эса ўйин давомида хатоларини айтиб туришимизни сўрайди. Муҳаммадқодир ўтган мавсум якунида бир-икки ўйинда майдонга тушганди ва мен унга ишониб қолдим. Фузайлов келгач, унга имкон бериш мумкинлигини айтдим. Ёш бўлишига қарамай, Муҳаммадқодир имкониятдан яхши фойдаланди. Ҳумоюн тўпни яхши ушлайди, Шоҳрух эса жамоа етакчилардан. У мендан анча аввал келган, Суперлигада ўйнаган».

Ягона истак

Фото: Tribuna.uz

Суҳбат аввалида Жўрабоев онасига футбол орқали унинг ниятларини амалга оширишга ваъда берганини айтганди. Интервью сўнгида ундан мана шу истаги ҳақида сўрадик: «Футболчи бўлишимни онам жуда хоҳлаганлар. Худога шукур, қўлимдан келганча ота-онамга футбол орқасидан шароит қилиб бердим. Энди ягона истагим уларни ҳажга юбориш. Умуман олганда, футболдаги ҳаётимдан нолимайман, ҳаётим учун керакли нарсаларга айнан футбол орқасидан эришдим», деб сўзини якунлади Жўрабоев.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид