Ўзбекистонлик мухлисларнинг Ливандаги Осиё кубоги-2000дан умиди катта эди. Олий лига-1999 мавсуми 1-даврасидан кейин «Динамо»ни пешқадамга айлантирган Маҳмуд Раҳимов миллий жамоа бош мураббийи сифатида ҳам БААда ўтган саралаш босқичида гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистонни финал босқичига олиб чиққанди. Аммо, йил якунида «Осиёнинг энг яхши мураббийи» деб топилган Маҳмуд Раҳимов мудҳиш автоҳалокатга учрагач, Ливанга янги мураббий бошқарувида йўл олган миллий жамоамизни ўзбек футболи тарихидаги энг шармандали натижа кутаётганди.

Маҳмуд Раҳимовнинг тайинланиши ва ғалабали саралаш

Самарқанднинг «Динамо» клуби 1998 йил Биринчи лига ғолиби сифатида Олий лигага йўлланма олгач, клуб раҳбарияти Маҳмуд Раҳимовни бош мураббий этиб тайинлаганди. Кўҳна шаҳар жамоаси 43 ёшли мутахассис қўл остида мавсумни ажойиб бошлаб, 1-даврадан кейин Олий лигада пешқадамга айланади. Ўша йил миллий жамоа Осиё кубоги-2000 саралаш босқичида иштирок этишидан аввал Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти Маҳмуд Раҳимовни миллий жамоага бош мураббий этиб тайинлади.

1999 йил БААдаги саралаш ўйинлари олдидан миллий жамоа Самарқандда Озарбойжон (3:0) ва Малайзияга (5:1) қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, тайёргарлик кўрди. Октябр ойида эса Бирлашган Араб Амирликларида ўтган саралаш босқич 3-гуруҳида Ўзбекистон Бангладеш (6:0), Шри-Ланка (6:0), Ҳиндистон (3:2) жамоаларини мағлуб этиб, ягона йўлланма учун баҳсда мезбон БААга қарши кетма-кет 4-ғалабасига (1:0) эришди ва юз фоизли натижа билан Осиё кубоги-2000га йўлланма олди. Ҳал қилувчи ўйинда Миржалол Қосимовнинг узатмасини Максим Шацких голга айлантирганди.

Раҳимовнинг автоҳалокатга учраши ва янги мураббийлар

Маҳмуд Раҳимов бош мураббийлигида Ўзбекистон миллий жамоаси таркиби анча кучайган эди. Миржалол Қосимов, Андрей Фёдоров, Павел Бугало, Николай Ширшов, Сергей Лебедов сингари етакчилар қаторига Жаъфар Ирисметов, Максим Шацких, Андрей Акопянц сингари янги номлар қўшилган, бу жамоанинг Осиё кубогидаги иштирокидан умид катта эди.

Аммо миллий жамоа бош мураббийини олдинда аянчли қисмат кутарди. Бош жамоамиз ноябр ойида БААдан қайтгач, орадан икки ой ҳам ўтмай, Маҳмуд Раҳимовнинг автоҳалокатга учрагани ҳақидаги шум хабар тарқалди. 1999 йилнинг 24 декабр куни Тошкент – Самарқанд автотрассасида юк машинаси 44 ёшли мутахассис бошқарувидаги автомобил билан тўқнашиши оқибатида Маҳмуд Раҳимов бу ёруғ оламни эрта тарк этади... Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлганди.

Миллий жамоамизнинг ўша саралашдаги муваффақияти ортидан Осиё футбол конфедерацияси Маҳмуд Раҳимовнинг вафотидан сўнг, ўзбекистонлик мутахассисни «Осиёнинг 1999 йилдаги энг яхши мураббийи» деб эълон қилиб, совринни унинг оиласига топширади.