«Бундай ҳолатни кузатиш оғриқли»
Ўзбекистонлик таниқли собиқ футболчи, жорий мавсумдан «Динамо» ўринбосарлар жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган Андрей Пятницкий «Фергана» нашри мухбири билан суҳбатда «Динамо» жамоасида бу йил ҳисобидан фақат бир марта – январ ойи маоши берилганини маълум қилган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сафар ўйинларига бориб-келиш, жамоани зарур анжомлар билан таъминлаш масаласида ҳаммаси жойида, фақатгина футболчилар, мураббийлар ва клуб ишчиларига маош тўлаш масаласида муаммолар кузатилмоқда.
«Маош берилмаётгани уч ойга чўзилди. Ўзимни футболчиларнинг ўрнига қўйиб кўриб айтаман – сабр қилиш мумкин, аммо унчалик кўпга эмас. Ўринбосарлар сафидаги кўплаб ўйинчилар шаҳарга туманлардан қатнайди. Баъзида пул йўқлиги учун ёш ўйинчилар машғулотларга ҳам қатнай олмаяпти. Уларнинг ота-онасида ҳам гоҳида ўша пул топилмайди. Шу сабаб жамоадаги интизом масаласига қарамай, уларга нисбатан чора кўришга қўлим бормайди. Самарқанд – футболни жуда севадиган ва ардоқлайдиган ажойиб туристик шаҳар. Аммо бундай ҳолатни кузатиш оғриқли.
Бу ерда шу йилдан ишлашни бошлаганим боис, очиғи бу мен учун кутилмаган ҳол. Фикримча, ҳозирги ҳолатдан асосий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам ҳайрон қолаётгандир. Барчаси тезроқ ҳал бўлишига ва биз ўз ишимизни давом эттиришга умид қиламан», - дейди Пятницкий «Фергана» мухбири билан суҳбатда.
«Динамо» хусусий клубми ёки вилоят жамоаси?
«Динамо» футбол жамоаси Ўзбекистон чемпионатидаги бошқа вилоят клублари сингари ҳокимлик қарамоғидаги жамоа саналаса-да, 5 йилдан буён «Agromir Buildings» компанияси томонидан молиялаштирилмоқда ва бу даврда клубда молиявий муаммо кузатилмаган.

Яқинда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев «Спорт» телеканалидаги чиқишида Суперлига клубларининг хусусийлаштириш масаласига тўхталиб, Ўзбекистонда ҳозирга келиб фақат «Сурхон» ва «Динамо» деярли хусусий экани, «Пахтакор» ҳам шу йўлдан бориб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан молиялаштирилиши ҳақида маълум қилганди. Сурхондарё клуби «Eriell» нефтгаз компанияси бошқарув раиси Бахтиёр Фозилов томонидан сотиб олинган бўлса, Самарқанд жамоаси «Agromir Buildings» компанияси томонидан молиялаштирилган. Суперлиганинг қолган клублари эса вилоят ҳокимиятлари ва давлат улуши бор йирик корхоналар ҳомийлиги остида қолмоқда.










