Ўзбекистон | 07:18 / 25.11.2021
16338
2 дақиқада ўқилади

«Тест тизими талабаларни саралашга эмас, уларни йиқитишга мослаштирилган» — иқтисодчи Ботир Қобилов

Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов энг катта ютуғи Ҳарвардда ўқиши эмас, балки 1 августдаги кириш имтиҳонидан йиқилиб, Ўзбекистондаги давлат университетига кира олмагани, деб билади.

Фото: Ground zero

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов «Улар» лойиҳасига берган интервюсида нега Ўзбекистон университетларида ўқимагани ҳақида гапирди.

«Чет элда, АҚШда магистратурани ўқиганман, ҳозир докторлик ишимни ёқлаяпман. Сингапурда эмас, Тошкентдаги Сингапур менежмент институтида ўқиганман. Ўзбекистонда давлат университетида ўқимаганимнинг сабаби 1 августдаги имтиҳондан ўта олмаганман. Бунинг оқибатида ҳозир ёпилиб кетган халқаро бизнес мактаби — Келажак илми деган нодавлат илмий мажмуасига кирганман ва Сингапур институтига ўқишни кўчирганман.

Ўқишимнинг траекторияси кейин мени Америкага олиб келди. Баъзилар «шу пайтгача қанақа ютуғинг бор», деб сўрашади ва ютуғимни Ҳарвардда ўқиётганим деб билишади. Лекин мен энг катта ютуғим 1 августда имтиҳондан ўта олмаганим, деб биламан. Чунки ўша имтиҳондан ўтиб давлат университетига кирганимда балки ҳозирги ўрнимда бўлмасдим», — дейди иқтисодчи.

У ўзи яхши эмас деб ҳисоблаган таълим тизимидан миннатдорлигини айтади.

«Киролмаганим сабаби ҳам кулгили: ҳозиргача ҳам бу муаммо бўлса керак, яъни тест — талабаларни саралаш тизими, менимча, жуда ҳам яхши ишламайди. Чунки мактабни битираётган абитуриент билан университет орасида катта бўшлиқ бор. Яъни мактаблар университетга талабаларни тайёрламаяпти. Мактабда олинган билим ўқишга киришга етарли эмас.

Ҳамма қатори мен ҳам қанча-қанча пул сарфлаб репетиторларга борганман, шу нарсанинг ўзини муаммо деб биламан. Нормал шароитда мактабни битирган қиз ёки йигит институтга ҳеч қандай репетиторсиз ўша олган билими билан кириб кета олиши керак. Тест тизими талабаларни саралаб олиш учун эмас, балки уларни йиқитишга мослаштирилган, деб ўйлайман. Лекин мен ўқишга кира олмаганим учун мана шу тизимдан миннатдорман», — дейди у.

Мавзуга оид