Жаҳон | 12:39 / 26.11.2021
20024
5 дақиқада ўқилади

Интерпол обрўсига зарба: Маҳбусларни қийноққа солишда айбланган генерал ташкилот раҳбари бўлди

Бирлашган Араб Амирликлари махсус хизматининг собиқ раҳбари генерал Аҳмад Носир ар-Раисий Интерполнинг янги президенти этиб сайланди. Ҳуқуқ фаоллари ва Европарламент аъзолари унинг номзоди борасида ўз хавотирларини билдиришди. Чунки бир қатор мамлакатларда генерал БАА қамоқхоналаридаги қийноқлар ва зўравонликни рағбатлантиришда айбланган.

Хусусан, Буюк Британия, Франция ва Туркия фуқаролари томонидан унга қарши шикоятлар билдирилган.

Генерал Аҳмад Носир ар-Раисий шу ҳафтада Истанбулда бўлиб ўтаётган Интерпол бош ассамблеясида. Фото: AFP

Икки нафар британиялик – олим Мэттью Ҳежес ва футбол ишқибози Али Исса Аҳмад ар-Раисийни БАА қамоқхоналарида қийноқларни рағбатлантиришда айблаган.  

Ҳежес БААда жосусликда айбланиб қўлга олинган, етти ой қамоқхонада ўтиргач, афв этилиб, ўз ватанига жўнатиб юборилган. Унинг айби ҳали ҳам исботланмади.

Исса Аҳмад БААга 2019 йилнинг январида футбол бўйича Осиё Кубоги ўйинларига келган ва Қатар терма жамоаси эмблемаси туширилган футболка кийиб олгани учун (ўша вақтда Араб мамлакатлари ва Қатар ўртасида совуқчилик тушганди) Дубай кўчаларидан бирида қўлга олинган.

Уларнинг ҳар иккиси қамоқхонада уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлингани ва таналарида чандиқлар қолганини даъво қилмоқда. Исса Аҳмаднинг сўзларига кўра, уни электрошокер билан қийноққа солишган, мунтазам калтаклашган ва Қатардаги эҳтимолий алоқалари ҳақида сўроқ қилишган, унинг танасида куйиш ва жароҳат излари қолган.

БААдаги қамоқхоналар ишини назорат қилувчи генерал ар-Раисий Интерпол раҳбарлиги лавозимига даъвогар экани маълум бўлгач, жабрланган британияликлар унга қарши кампания бошлаганди.

«Қийноқлар учун жавобгарлик унинг зиммасида. Бу лавозимга унинг номзоди кўрсатилиши жиноятлардан нафақат қутулиб қолиш, балки улар учун мукофотланишни ҳам назарда тутади», дея Мэттью Ҳежеснинг сўзларини келтиради Guardian.

Интерпол обрўсига зарба

Кўпчилик генерал ар-Раисийнинг тайинланиши Абу-Даби томонидан Интерпол тузилмасига юборилган каттагина молиявий маблағ туфайли бўлганини таъкидламоқда.

11 ноябрь куни Европа парламенти аъзолари Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга хат юборди. Унда ар-Раисийнинг президент этиб сайланиши ташкилот обрўсига зарба бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

«Генерал ар-Раисийнинг сайланиши Интерполнинг асосий тамойилларига путур етказади ҳамда унинг ўз миссиясини самарали бажариш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатади», дейилади хатда.

2020 йилнинг октябрь ойидаёқ 19та нодавлат нотижорат ташкилотлар, жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти ар-Раисийни ҳукумат танқидчиларини мунтазам таъқиб этувчи кучишлатар аппаратнинг ажралмас қисми деб атаганди.

БАА расмийлари хорижда бўлган сиёсатчи, мухолифатчи ва журналистларни коррупция ёки терроризмда айблаб, жиноий жавобгарликка тортиш учун кўпинча «қизил хабарномалар»дан фойдаланиши ҳақидаги айбловлар бир неча бор айтилган.

Беларусь расмийлари мухолифатчи Светлана Тихановскаяни террористик фаолиятда айблаган ва Интерполни уни излаш учун жалб этишга ҳаракат қилган. Бироқ Интерпол буни рад этган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, кўплаб авторитар мамлакатлар, масалан, Россия, Хитой, Туркия, Миср ва Озарбойжон Интерпол тизимидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланади.

Интерпол фақат жиноий полициянинг халқаро органи бўлса-да, ушбу мамлакат расмийлари Интерполни қидирувга жалб этиш учун ўз сиёсий рақибларини жиноий ҳуқуқбузарликда айблайди.

Хусусан, 2021 йилнинг апрель ойида Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаяни террористик фаолиятга дахлдор шахслар рўйхатига киритди ҳамда уни қўлга олиш учун Интерполга сўровнома юборди. Бироқ Интерпол Тихановскаяни халқаро қидирувга беришдан бош тортди.

Интерполдаги авторитар режимлар вакиллари

Фото: AFP

Бу инсон ҳуқуқлари бўйича рейтинги паст мамлакат вакили Интерпол президенти этиб тайинланиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 2016 йилнинг ноябридан ташкилотни хитойлик амалдор Мэн Хунвэй бошқарган. Унинг ваколат муддати 2020 йилда тугаши керак эди. Бироқ 2018 йилда у кутилмаганда йўқолиб қолди. Кўп ўтмай у Хитойнинг коррупцияга қарши идораси томонидан қўлга олингани маълум бўлди. 2020 йилда эса у Хитойда иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, 13,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мэн Хунвэй тўсатдан истеъфога чиққач, Россия ИИВ генерали Александр Прокопчук унинг ўрнига келиши мумкин бўлган номзодлардан бири экани айтилганди.

Ўша вақтда айрим мамлакатлар, масалан, Литва ва Украина россиялик генерал ушбу лавозимга тайинланса, улар Интерпол таркибидан чиқиб кетиши мумкинлигини айтди. Кейинроқ ташкилот раҳбарлигига жанубий кореялик Ким Жонъян келди. Аҳмад Носир ар-Раисий айнан Жонъяннинг ўрнига келди.

Қайд этиш керакки, Интерпол президенти лавозими асосан расмиятчилик учун. Ташкилот раҳбарининг асосий мажбуриятлари ҳар беш йилда сайланадиган бош котиб зиммасида.

Ҳозирда бу лавозимни собиқ немис полициячиси ва давлат арбоби  Юрген Шток эгаллаб келмоқда. У Интерполга 2005 йилда келган, 2014 йилда бош котиб этиб сайланди ва 2019 йилда қайта сайланди.

Ташкилот штаб-квартираси Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган.

Мавзуга оид