Ўзбекистон | 10:21 / 26.11.2021
7052
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда аҳоли жон бошига 2,4 килограммдан тарқатилган арзон ун учун узун навбат ҳосил бўлди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида аҳоли жон бошига 2,4 килограммдан тарқатилган арзон ун учун узун навбат ҳосил бўлгани айтилган хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда Ғузор тумани Халқобод маҳалласи аҳолисига ун тарқатилаётгани ва бу жараёнда фуқаролар навбат кутиб қолгани акс эттирилган.

Ғузор тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган график асосида Ғузор туманида 207,6 минг нафар аҳолига ноябрь ойида 498,3 тонна арзонлаштирилган ун маҳсулоти тарқатилиши режалаштирилган.

Шундан тумандаги Халқобод маҳалласида яшовчи 5616 нафар фуқаролар учун 2,4 кгдан жами 13,5 тонна арзонлаштирилган ун маҳсулотини тарқатиш белгиланган.

2021 йил 25 ноябрь куни “Нормурод бобо” хусусий савдо корхонаси режада белгиланган 13,5 тонна ун маҳсулотини Халқобод қишлоғи аҳолиси учун олиб борган.

Унни тарқатиш жараёнида корхона ишчилари сони камлиги, кичик ҳажмли ун қопи мавжуд эмаслиги, унни аҳоли жон бошига 2,4 килограммдан ўлчаб бериш вақт талаб этгани ва қисқа вақтда фуқароларнинг кўпчилиги йиғилиб келгани натижасида узун навбат ҳосил бўлган.

«Шундай бўлса-да, келган фуқароларнинг барчасига ун тарқатилган. Келгусида шу каби ҳолат такрорланишининг олдини олиш мақсадида мутасаддилар огоҳлантирилди. Чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, алоҳида назоратга олинди», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 октябрдан I навли уннинг очиқ биржа савдоси орқали сотилиши йўлга қўйилган эди. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус пандемияси бошлангач, 2020 йил апрел ойида унни очиқ савдода сотиш тўхтатилди.

2020 йил 6 апрелдаги коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб, ун маҳсулотини барча ҳудудларга бир маромда етказиб беришни таъминлаш мақсадида, биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар билан сотилиши белгиланганди.

P.S. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон бозорларида уннинг нархи сезиларли кўтарилди. Ҳозирги кунда жойларда Қозоғистон буғдойидан тайёрланган 1-нав уннинг бир қопи 250-270 минг сўм, Ўзбекистон буғдойидан тайёрланаётган уннинг бир қопи 200-220 минг сўм сотилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид