16:14 / 27.11.2021
4246

Абдулазиз Комилов Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг вазирлар кенгаши мажлисида қатнашди

Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбирда томонлар ташкилотнинг бўлажак саммитига тайёргарлик кўриш ва давлат раҳбарлари кўриб чиқиши учун киритилган қатор ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фикр алмашган.

«Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ташкилотнинг ихтисослашган институтлари ҳисоботлари тингланди ва тасдиқланди», – дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов ўз нутқида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти мамлакатларида савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона ва бошқа жараёнларни енгиллаштириш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.

Эртага, 28 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлади.

Маълумот учун, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.

Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Top