Ўзбекистон | 00:58 / 27.11.2021
55137
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда уч нафар майор тунда видеоселектордан қайтаётганда автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлди

Фото: РИА "Новости"

Қорақалпоғистон республикасининг Хўжайли туманидан ўтувчи А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобил йўлининг 708-километрида автоҳалокат содир бўлиб, оқибатда уч киши ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, ҳалок бўлганларнинг учаласи ҳам ички ишлар вазирлиги қошидаги жазони ижро этиш департаменти минтақавий ходимлари бўлган.

Ходимлар 25 ноябрдан 26 ноябрга ўтар кечаси соат 00:10 да видеоселектор йиғилишидан қайтаётган вақтда «Cobalt» машинасида автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлган. Бу маълумотни жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати ҳам тасдиқлади.

Унда айтилишича, И.И. бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси қарама-қарши томонларни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Ҳодиса оқибатида транспорт воситасида бўлган ЖИЭМ ходимлари М.Х. ҳамда Х.Х. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, И.И. эса кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Департамент муносабатида ходимлар видеоселектордан қайтаётгани айтилмаган, аммо интернетда тарқалган ИИВ ЖИЭД бланкаси билан ёзилган хатда ходимлар 2-сон тергов ҳибсхонасидан видеоселекторда қатнашиб қайтаётгани кўрсатилган. Бу хат ҳаққоний экани тасдиқланди. Хатда ходимлар 27, 30 ва 50-сон манзил колонияси ходимлари бўлгани, учаласи ҳам майор унвонида бўлгани келтирилган.

Мавзуга оид