Депутат долларни «қора бозор»да алмаштиришга мажбур бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев шанба кунги жонли эфирида Янгийўл шаҳрида мавжуд банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги муаммосини кўтарган ҳолда, нақд валюта маблағини қора бозорда айирбошлашга мажбур бўлгани ҳақида чиқиш қилган.
«Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристлар ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин банкларимизнинг валюта айирбошлаш шохобчалари шанба ва якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банк шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади», деди у.
У ўзи яшайдиган Янгийўл шаҳрида 100 долларлик купюрадан фақат 50 долларини алмаштириш учун банк шохобчаси қидирган. Нақд долларни алмаштирувчи ягона банкомат эса қайтим бермайди. Банклар депутатга дам олиш кунлари уларда тизим ўчишини маълум қилган.
«Мен ўзим хоҳламаган ҳолда «қора бозор»ни қидириб, 50 долларни қайтим билан олишим учун жиноятга йўл қўйиб, ноқонуний валюта айирбошлашим керак. Ҳозир менга гувоҳ бўлиб турасизлар деб, банкни вакилларини чақирдим.
Марказий банк мана шу шароитни қилиб бермагани учун фуқаролар жавобгар бўлиб кетадиган аҳволда турибди. Яъни Марказий банк яратиб қўйган тизими оқибатида «қора бозор» йўқолмаяпти. Шунча пайтдан бери жавобгар бўлиб кетган фуқаролар бўлса, ҳаммасининг номидан МБга каттадан катта раҳмат, шулар сабабчи бўлган.
Агар чет эллик турист келса, шанба якшанба куни расвоси чиқар экан. Мен Ўзбекистонда юриб, 1 соатдан бери шу аҳволда юрибман. Бу шармандалик-ку... Ишонгим келмайди. Наҳотки, шанба, якшанба куни кассаларни, айирбошлаш шохобчаларини ишлатиб қўйиш қийин?» деган депутат.
Расул Кушербаев кейинроқ, гувоҳлар иштирокида «қора бозор»дан 100 АҚШ долларининг 50 долларини сўмга алмаштириб олганини маълум қилди.
«Айтганимдек, гувоҳлар иштирокида «қора бозор»дан 100 АҚШ долларининг 50 долларини миллий сўмга алмаштириб олдим. Қизиғи алмаштириб бўлганимдан сўнг, Ҳамкорбанкдан чиқишди. Бироқ «уже» кеч.
Ҳолатдан хулоса шуки, ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт. Бўлмаса адолат нуқтайи назаридан жавобгар шароит яратмаган томоннинг бўйнида бўлади», деди депутат.

















