Ўзбекистон | 21:45 / 02.11.2024
13744
14 дақиқада ўқилади

Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести

Парламент қуйи палатасининг янги чақириғи учун депутатлар тўлиқ тасдиқланди, кунлар совий бошлагач яна ис гази қурбонлари ҳақидаги шум хабарлар кўпайди, жорий йил ҳисобидан пойтахтда иккинчи бор иссиқлик таъминоти тарифлари оширилди, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар учун янги жарималар жорий этилди — ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари Kun.uz дайжестида.

Чиқиндидан қарзи борларга электр тўлови чекланадими?

Шубҳасиз, ҳафтанинг энг баҳсларга бой мавзуси чиқиндидан қарзи борлар электрдан узилиши ҳақида бўлди. Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматларидан 3 ойлик қарздорлиги учун электр энергиясига тўлов чекланиши белгиланганди.

Kun.uz муҳокама марказидаги саволларни жамлаб, Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигидан тушунтириш олди. Унинг айтишича, бу тизим 2023 йил 31 декабргача бўлган қарздорликка татбиқ этилмайди, фақат 2024 йил 1 январдан бошлаб шаклланган қарздорликлар инобатга олинади.

«Чиқиндидан қарздорларга “Ҳудудийэлектртармоқлари”нинг қисқа рақамлари, яъни 2100 орқали октябрь ойида қарздор абонентларга СМС хабарлар юборилди. Эндиликда мазкур қарздорларга “Ҳудудийэлектртармоқлари”нинг биллинг тизими орқали барча электрон тўловлар ва банклар орқали электр энергиясига тўлов қилишга чеклов ўрнатилади. Чиқиндига қарздорлик ёпилганидан сўнг, [электр энергиясига] тўловни амалга ошириш имконияти бўлади», – дейди у.

Масъуллар тизимдаги камчиликларни тан олишмоқда ва тегишли қонун ҳужжатларини ўзгартирмай туриб, бу тизим амалиётга тўлиқ жорий этилмаслиги мумкинлигини айтишган.

Тошкентда иссиқлик энергияси тарифи оширилди

Чиқинди ва электр энергияси учун тўловлардаги боғланишни ҳазм қилиб улгурмаган пойтахтликлар, иссиқлик таъминоти учун нарх ошгани ҳақидаги хабарни қаршилашди.

Гарчи ҳали турар жойларга иссиқлик берилмаган бўлса-да, 31 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик тизими хизматлари учун нархлар 15 фоизга ошди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов бу борадаги қарорни имзолаган.

Бу марказлашган иссиқлик таъминоти учун тарифларнинг йил мобайнида иккинчи бор оширилишидир. Эндиликда аҳоли 1 Гкал (гигакалория) учун 121 617 сўм, бошқа улгуржи ташкилотлар эса 244 497 сўм тўлайди.

Таъкидланишича, ушбу нархлар асл таннархдан пасайтирилган бўлиб, юзага келадиган зарарлар ва инвестицион харажатларга асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади.

Бунда субсидия маблағлари «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК ва Тошкент шаҳар Давлат-хусусий шериклик бўлими томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ўзгармас, ўзгарувчан харажатлар ҳамда инвестицион харажатларга бўлинган ҳолда молиялаштириб берилади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт иссиқлик таъминоти учун нархлар 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.

Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов қайтади

Мактаб дарсликлари учун ижара тўловлари яна қайта тикланиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, «дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда».

Вазирлик 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳасида мактаб дарсликлари учун ижара пулларини қайта тиклашни таклиф этган.

Унга кўра, 2025/26 ўқув йилидан 2–11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилган.

2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни, (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўмни) ташкил этган. Ҳужжатда бир тўплам учун 80 минг сўм (таннархнинг 16-18 фоизи) миқдорида тўловни қайта тиклаш таклиф этилган.

Мактаб таълими тизимида 2022 йилдан бери дарсликлар учун ижара пули олинмаяпти.

Йўл ҳаракати қоидаларида ўзгаришлар

Энди скутерлар, велосипедлар ҳамда самокатда содир этилган қоидабузарликлар учун ҳам жарима ёзилади. Жумладан, скутер ва самокатларни маст ҳолда бошқариш учун йирик жарима белгиланди.

Хусусан, эндиликда скутерлар, мопедлар ва велосипедлар, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, уловли аравани бошқариб бораётган шахсларнинг ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги БҲМнинг учдан бир қисми миқдорида (125 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, белгиланган тартибда нур қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, скутер, мопед, велосипед ҳамда уловли аравани бошқариш, қолаверса, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиш БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида (187 минг 500 сўм) жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, скутер, мопед, велосипедни, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб бораётган шахснинг алкогол ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қонун 28 октябр куни имзоланди ва у бир ойдан сўнг, аниқроғи 28 ноябрдан кучга киради.

Шунингдек, заруриятсиз йўлнинг чап қаторини эгаллаб, йўллардаги ҳаракатга халақит бериб келаётган юк машиналари ҳам жаримага тортиладиган бўлди.

Чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш истисно этилганда йўлнинг четки чап қаторида юк автомобиллари ҳаракатланиши энди базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари — 187,5 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қоидабузарлик биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран содир этилса БҲМнинг 375 минг сўм, учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 1 млн 125 минг сўм, йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар 1 млн 500 минг сўм жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аёл ҳоким фермерни ҳақорат қилиб, ИИБга уни қамаб қўйиш топшириғини берди

Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ураловага тегишли аудиоёзув тарқалди. Унда туман ҳокими пахта режасини бажармаган фермерни ҳақорат қилганини эшитиш мумкин.

Дилфуза Ураловага нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.

Аудиодан эшитиш мумкинки, йиғилиш асосан ҳокимнинг фермерларга нисбатан ҳақорати билан ўтган. Ҳудуддаги пахта «плани»ни бажармаган фермерлар номма-ном саналиб, улар нега теримни ташкил қилмаётгани танқид қилинган.

Йиғилиш жараёнида Дилфуза Уралова тумандаги «Абдумандат ота фарзандлари» фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Ҳожиевни ҳақорат қилган. Бунга жавобан фермер ҳокимдан ҳурматини сақлашни сўраган. Ҳоким эса ҳақоратга ҳам қониқмасдан, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрган.

Ҳоким фермерни «падарингга лаънат, эшак», дея ҳақорат қилган. Фермер эса марҳум отасини ҳақорат қилмасликни сўраган. Жанжалдан кейин фермер йиғилиш ўтказилаётган хонадан олиб чиқиб кетилган. Дилфуза Уралова эса ёнидаги ходимга ИИБга айтишни, оёқ-қўлини боғлаб олиб кетиб, қамаб қўйишни буюрган.

Туман ҳокимининг бу ҳаракати қонунчиликка зид. Жумладан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Ҳолат Сирдарё вилояти ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида кескин танқидий муҳокама қилинган.

Дилфуза Ураловага интизомий жазо қўллаш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.

Президентнинг Навоийга ташрифи

Ҳафта ичида президент Навоий вилоятига ташриф буюриб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва масъулларга янги вазифаларни белгилаб берди.

Навоийда айтилган энг асосий янгиликларни эслаб ўтамиз.

- АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари билан 12 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади;

- «Янги Навоий» шаҳарчаси бунёд этилади;

- 3,7 млрд доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, 600 та янги корхонани ишга тушириш, 15-20 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди; 

- Зарафшон шаҳрида 1980-йилларда қурилиб, ҳозир ишламай ётган аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади, масъулларга тегишли таклифлар киритиш топширилди.

Президентнинг қайд этишича, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида жами 200 минг аҳоли яшайди. Улар Тошкент шаҳрига бориш учун аввал автомобилда 250-300 километр йўл юриб, Навоий шаҳрига етиб олади. Кейин бу ердан поезд ёки самолётга ўтириб, пойтахтга боришга мажбур бўляпти.

- 2025 йилни Навоийда «Алишер Навоий йили» деб эълон қилиш таклиф этилди. Бу йил доирасида «Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш» мавзусида Президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида «Навоийхонлик кечалари» ўтказилади.

Навоий вилоятига оид яна бир хабар: Президент қарори билан Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университети ташкил қилинди.

Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Вазирлик ва ҳокимликларда қисқартириш

Президент фармони билан вазирлик ва идораларнинг раҳбар ва ишлаб чиқариш ходимлари 5,2 фоизга қисқартирилмоқда. Ҳокимликларнинг бошқарув аппарати ходимлари сони ҳам камайтирилади.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 21 та вазирлик, 14 та қўмита (13 та эди), 26 та агентлик (25 та) ва 9 та инспекция (11 та), жами 70 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари мавжуд.

70 та давлат органи бошқарув ходимларининг максимал сони 53 минг 560 нафар этиб белгиланди. Бунгача ходимлар сони 56 минг 509 нафарни ташкил этган, яъни бошқарув ходимларининг 2949 штат бирлиги ёки 5,2 фоизи қисқартирилган.

Аммо вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бошқарув аппаратлари ходимларининг максимал сони 706 нафардан 886 нафарга, шу жумладан, бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа идоралари ходимларининг сони 46 нафарга оширилмоқда.

Вилоят марказлари ва Нукус шаҳри ҳокимликлари, шунингдек, вилоятларга бўйсунувчи шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳам ходимлар сони қисқартирилган.

Сайлов натижалари

Ўзбекистонда ўтган парламент сайловларидаги ягона сайлов округи бўйича сайлов натижалари тасдиқланди. Шунингдек, депутатлик мандатлари сиёсий партиялар ўртасида тақсимланди.

29 октябр куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида 74,72 фоиз сайловчи сайловда иштирок этгани, сиёсий партияларнинг ҳар бири 7 фоиздан кўп овоз тўплагани сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови ўтган ва ҳақиқий деб топилди.

Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасининг 75 та депутатлик ўрни сиёсий партиялар ўртасида қуйидагича тақсимланди:

- ЎзЛиДеП — 26; «Миллий тикланиш» — 14; ХДП — 13; «Адолат» СДП — 12; Экологик партия — 10;

Бир мандатли сайлов округи бўйича эса ЎзЛиДеП 38 та, «Миллий тикланиш» 15 та, «Адолат» 9 та, ХДП 7 та, Экопартия эса 6 та ўринга эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, энди парламент сайловларида иккинчи тур бўлмайди. Энг кўп овоз жамғарган депутат сайланади.

Партияларнинг Қонунчилик палатасидаги мандатларининг умумий сони қуйидагича бўлди:

ЎзЛиДеП — 64 та; «Миллий тикланиш» — 29 та; «Адолат» СДП — 21 та; ХДП — 20 та; Экопартия — 16 та.

Қайд этиб ўтиш керак, депутатлар рўйхатига киритилган вазирлар Озодбек Назарбеков ва Ҳилола Умарова депутат бўлишдан воз кечиб, ўз лавозимларини сақлаб қолди. Сенатор ва шоир Иқбол Мирзо энди Қонунчилик палатаси депутати бўлди.

Ис гази қурбонлари

Ҳар йили кунлар совий бошларкан ҳали у, ҳали бу ҳудудда ис газидан заҳарланиб ўлаётганлар ҳақида хабарларни эшитаверамиз. Бу йил ҳам таъбири жоиз бўлса айтиш мумкин бўлган анъана давом этмоқда.

Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. Шаҳарнинг 23 кичик туманидаги хонадонлардан бирида яшаган 25 ёшли йигит, унинг 23 ёшли турмуш ўртоғи, ҳамда уларникига меҳмонга келган 27 ёшли таниши уйнинг иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Тошкент вилояти Бекобод туманининг Мустақиллик маҳалласида яшаб келган 44 ёшли ота ва унинг 12 ёшли ўғли номаълум моддадан заҳарланиб вафот этди. Гарчи масъуллар бу ис газидан эканини очиқламаган ё тан олмаган бўлса-да тармоқларда ҳодисага ис гази сабаб бўлганини ёзишмоқда.

Андижонда ҳам бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланиб, вафот этгани тўғрисида расман тасдиқланмаган хабарлар бор.

Одамлар ўлимининг олдини олиш, хеч бўлмаса бундай нохуш ҳодисаларни камайтириш учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш керак.

Бу ҳафта Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар шулардан иборат эди. 

Мавзуга оид