Ўзбекистон | 20:00 / 16.11.2024
19546
12 дақиқада ўқилади

Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести

Импортга тўсиқлар давом этади: чекловлар навбати қуёш панелларига келди. Бойсунда газ ҳиди ниҳоят камайган, лекин маҳаллий аҳолининг ҳамон дарди ичида. Ўзбекистон Европага электр энергияси сотади: Қозоғистон ва Озарбойжон билан уч томонлама битим имзоланди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Автомобил импортига нотариф тўсиқ: бунақаси бўлмаган

Пискентдаги автополигонда юзага келган турнақатор навбатлар ҳафтанинг бош мавзуларидан бири бўлди. Аввал хабар берганимиздек, 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобиллар божхонада эмас, Тошкент вилояти Пискент туманидаги полигонда сертификатлаш синовларидан ўтказиляпти. Маълум бўлишича, бу ерда барпо этилган синов лабораториясининг қуввати мавжуд талабга жавоб бермайди. Натижада импорт автомобилларни сертификатлаш учун олиб келганлар навбат кутиб шу ерда тунаб қолишига ҳам тўғри келмоқда.

Масъулларнинг Kun.uz мухбирига айтишича, битта машинани синовдан ўтказишга 30-35 дақиқа вақт кетади. Бу дегани, 24 соат ишлаётган марказ кунига 50 тагача, йилига эса 18 мингта автомобилни синовдан ўтказа олади. Ваҳоланки, биргина ўтган йили 60 мингтадан кўпроқ импорт автомобилга мувофиқлик сертификати берилган. Яъни лабораториянинг қуввати мавжуд талабдан 3,5 баробарга кам.

Афтидан, масъуллар ҳаммага кўриниб турган ва танқидларга сабаб бўлаётган бу навбатларни кўздан панадаги божхона омборларига кўчиришга қарор қилган кўринади. 14 ноябр куни енгил автомобилларни мувофиқлик сертификати олинмагани сабабли шартли чиқариб юбориш чеклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу борада ҳозирча расмий изоҳ бўлмади. Бу ерда гап ҳақиқатан ҳам навбатни шунчаки бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ҳақида кетаётган бўлса, унда бу билан муаммони ечиб бўлмаслиги тайин, албатта. Энг яхши ечимни эса узоқ ўйлашнинг ҳожати ҳам йўқ: аввалбошдан муаммонинг ўзи сунъий яратилганини тан олиш кифоя.

Чеклов навбати – қуёш панелларига

Йил бошидан бери янгидан янги нотариф тўсиқларга дучор қилинган импорт автомобил, маиший техника, лифт ва эскалатор каби маҳсулотлар қаторини қуёш панеллари ҳам тўлдирадиган бўлди. 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган ишлаб чиқарувчиларнинг қуёш панеллари, инверторлари ва энергия сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланади. Бу – президентнинг 11 сентябрдаги фармонида кўзда тутилган. Бу ҳақда хабар берган Gazeta.uz'нинг ёзишича, фармон жамоатчилик учун очиқ эълон қилинмаган.

Ҳужжатга кўра, BNEF Tier-1 рўйхати Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларида мунтазам эълон қилиб борилиши ва ҳар ойда янгилаб турилиши керак. Рўйхатни Bloomberg агентлигининг тегишли бўлинмаси тузади ва муаллифлар уни ҳар чоракда янгилаб боради. Компаниялар доимий равишда рўйхатга киритилади ва ундан чиқарилади. Шу сабабли панел импортчиларини ўзгарувчан шарт-шароитлар, истеъмолчиларни эса рисклар ошгани сабабли нархларнинг ошиши эҳтимоли кутмоқда.

Шуниси эътиборлики, у ёки бу компаниянинг BNEF рўйхатига киритилгани у ишлаб чиқарган қуёш панелларининг сифатини ўзида акс эттирмайди. Рўйхатдан асосий мақсад – ишлаб чиқарувчининг молиявий барқарорлигини тасдиқлаш. Бу эса импортга киритилган янги чекловнинг маъно-мантиғини савол остига қўяди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров қуёш панеллари импортини чеклашга қарор қилинганини бу бозорда янги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар пайдо бўлгани билан боғламоқда. Чунки бунгача у ёки бу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқарувчи завод очилиши билан, ўша маҳсулот импортига чеклов киритиш ҳолатлари кўп кузатилган. Жорий йилда эса Қорақалпоғистонда “Нукус электроаппарат”, Янгийўл туманида Enter Green Solar номли қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи корхоналар иш бошлади. Нукусдаги корхонанинг асосий таъсисчиси Швейцарияда рўйхатдан ўтказилган, Янгийўлдаги завод эса Enter Engineering'га алоқадор.

Миллиардлаб долларлик давлат буюртмаларини тендерсиз олиб келадиган Enter Engineering бу ҳафта бошқа бир масалада ҳам жамоатчилик диққат марказига тушди. Маълум бўлишича, корхона ходимлари бир неча ойдан бери ойлик олмасдан ишлаяпти. Kun.uz'га мурожаат қилган ходимларнинг сўзларига кўра, уларга май, июн, июл ойлари учун маошларнинг бир қисми берилган, август, сентябр, октябр ойликлари эса ҳалигача тўланмаган. Бундай муаммо Enter Engineering'га алоқадор Saneg компанияси тизимида ҳам бор. Saneg'га қарашли Самарқанд халқаро технологиялар университетига чет элдан олиб келинган профессор-ўқитувчиларга ҳам бир неча ойдан бери маош берилмагани айтилмоқда.

Меҳнат кодексига биноан, ходимларга иш ҳақини тўлаш муддати ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Enter Engineering'да эса маошлар кечикиши одатий ҳолга айланиб қолган бўлса ҳам, шу пайтгача на меҳнат инспексияси, на касаба уюшмалари, на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бирор бир чора кўргани ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Европанинг светини ёқади

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон биргаликда Европага электр энергияси етказиб беришга келишиб олди. Учта давлат раҳбарлари 13 ноябр куни Бокуда “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзолади. Унга кўра, республикаларнинг электр энергетика тизимлари ўзаро боғланиб, шамол ва қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси Европага экспорт қилинади.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга бориб 10–15 миллиард kWh электр энергиясини хорижга экспорт қила олади. Марказий Осиёдан Европага “яшил энергетика йўлаги”ни барпо этиш лойиҳаси қиймати 2 млрд доллардан ортиққа баҳоланяпти. Бунда, Каспий денгизи туби бўйлаб юқори волтли кабел ётқизилиши кутилмоқда. Бу борада техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Европага сотиладиган электр энергиясининг нархини бозор белгилаши, лекин ҳар бир киловатт учун нарх камида 4–5 цент бўлиши айтилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Бокуда БМТнинг иқлим конференцияси доирасидаги тадбирларда ҳам иштирок этди. Ўзбекистон президенти конференциядаги нутқида қатор таклифларни илгари сурди, хусусан БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди. Конференция кунларида, шунингдек, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва БААнинг Masdar компанияси ўртасида яна бир шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди. Навоий вилояти Учқудуқ туманида барпо этиладиган 1000 мегаваттли шамол станциясида йилига 3,5 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Порахўрлик жиноятлари

Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди. Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи минг доллар билан ушланди. Маълум қилинишича, у вилоятдаги туманлардан бирининг электр тармоқлари бош муҳандисидан йўл қўйган камчиликлари учун ишдан бўшатилмаслиги эвазига шунча пул олган. Жиноятга вилоят электр тармоқлари корхонасининг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадорлиги айтилмоқда.

Наманганда эса кадастр бўлими мансабдори тўёна кўринида пора олгани маълум бўлди. Кадастр агентлигининг Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғи Жобир Маҳмудов ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқародан жарима қўлламаслик учун ходимининг тўйига тўёна беришни талаб қилган ва 300 долларлик “тўёна”ни олган вақтида ушланган. Судда айбига қисман иқрорлигини билдирган амалдор 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Пора билан боғлиқ коррупцион жиноятлар ҳақида Самарқанд вилоятидан ҳам хабарлар бор. ДХХ хабарига кўра, Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими мансабдори сохта ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 доллар олганида қўлга тушган. Каттақўрғонда эса туман солиқ инспектори солиқ қарзини электрон базадан ўчириб бериш эвазига 6 млн сўм олганида ушланган. Шунингдек, Пахтачи туманида Миллий гвардия ходими 600 доллар, Кадастрлар палатаси Нарпай туман филиали муҳандиси 700 доллар олган вақтида қўлга тушган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг эслатишича, декабр ойидан бошлаб “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кучга киради. Шу муносабат билан тузилган республика комиссияси куни кеча мазкур қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхатини тасдиқлади. Рўйхатга деряли барча давлат органлари ва йирик давлат корхоналари киритилган. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши билан, қариндош-уруғчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бойсунда бадбўй газ ҳиди тарқалиши сезиларли камайди. Бунга 9 ноябр куни М25 конида рўй берган яна бир портлаш сабаблиги айтиляпти. Шу куни интернетда кондаги ёнғин видеолари тарқалди. Kun.uz манбасига кўра, портлаш ва ёнғиндан кейин атрофда бадбўй газ ҳиди анча камайган. Лекин ҳамон бойсунликларнинг дарди ичида: қишлоқлардан ётоқхона ва коллежларга кўчирилган маҳаллий аҳолини совуқ қиш арафасида сарсон-саргардонлик ва мавҳумлик қийнаяпти. Расмийлар ва пудратчи компания эса ҳеч бир изоҳсиз, сукут сақлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон фаластинлик болалар ва аёлларни ўз шифохоналарида беғараз даволашга тайёр. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев мусулмонлар давлатларининг Ар-Риёдда ўтган навбатдан ташқари саммитида айтиб ўтди. Мирзиёев яна бир бор Яқин Шарқдаги можарони тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал қилишга чақириб, халқаро ҳуқуқ поймол бўлаётганини қоралади. “Фаластин халқи 1967 йилги чегаралар асосида мустақил давлат тузиш ҳуқуқига эга”, деди Ўзбекистон президенти.

Президент болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу билан болага нисбатан жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва буллинг каби зўравонлик турлари ҳам қонунчиликка киритилмоқда. Шунингдек, ички ишлар органлари эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордерлари бера бошлайди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи деб белгиланди.

1 декабрдан бошлаб, ичимлик ва оқова сув учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади. Назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилади. “Ўзсувтаъминот” хабарига кўра, бу билан соҳада шаффофликни таъминлаш ва коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсад қилинган. Қайд этилишича, охирги пайтларда соҳада тўловни нақд пул шаклида амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган.

Маҳаллий қатновдаги вагонларда юк ташиш тарифлари оширилмоқда. “Ўзбекистон темирйўллари”нинг маълум қилишича, 1 декабрдан бошлаб маҳаллий юк ташувлари тарифларининг вагон қисми 30 фоизга, жами тарифлар эса ўртача 8-10 фоизга оширилади. Бу ошаётган харажатларни қисман қоплаш ва юк вагон паркини янгилаш мақсади билан изоҳланган. Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда тезюрар поездларда йўловчи ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилган.

Мавзуга оид