Ўзбекистон | 07:42 / 29.11.2021
10436
2 дақиқада ўқилади

Икки вилоятда адлия бошқармалари раҳбарлари алмаштирилди

Адлия вазири буйруғи билан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида янги тайинловлар амалга оширилди.

Суннатилло Абдурасулов / Фото: t.me/adliyangiliklari

Суннатилло Абдурасулов Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

С. Абдурасулов 1984 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йилда Самарқанд давлат университетини, 2008 йилда Тошкент давлат юридик институти магистратурасини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

У ўз меҳнат фаолиятини 2007 йилда Адлия вазирлиги Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаб, турли масъул лавозимларда фаолият юритган ҳамда ҳозирга қадар Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, адлия вазири буйруғи билан Салоҳиддин Сатторов Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Салоҳиддин Сатторов / Фото: t.me/adliyangiliklari

С. Сатторов 1980 йилда Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида туғилган. Маълумоти олий, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2006 йилда Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

У ўз меҳнат фаолиятини 2002 йилда Адлия вазирлиги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасида катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаб, турли масъул лавозимларда фаолият юритган ҳамда ҳозирги вақтга қадар Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид