Жамият | 20:00 / 29.11.2021
2460
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 136,3 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди

Ижтимоий тармоқларда Қумқўрғон туманидаги қишлоқ хўжалиги ерларини томчилатиб суғориш ускуналари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани ва бошқа ҳолатлар тўғрисида хабарлар тарқалган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси баёнот берди.

Аниқланишича, “Сувоқова Бунёдкори” УК раҳбари Қ.К. ва корхона бош муҳандиси М.А. ҳамда “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” УК Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси техник назоратчиси М.А. билан ўзаро жиноий тил бириктирган.

Улар, Қумқўрғон туманида оқова сув тармоғини реконструкция қилиш бўйича расмий ҳужжат ҳисобланган бажарилган ишлар қиймати тўғрисида “Шакл-3” маълумотнома ва ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб тақдим этган. Сўнг жами 8 миллиард 823 миллион сўмлик бюджет маблағларидан 136,3 миллион сўмни ўзгалар мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 10 май куни Бош прокуратура Департаментининг Қумқўрғон туман бўлими томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қумқўрғон туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Давлатга етказилган 136,3 млн сўм зарар дастлабки терговда тўлиқ қопланган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон тумани судининг 2021 йил 30 сентябрдаги ҳукми билан айбланувчи Қ.К., М.А. ва М.А.га нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

«Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда айтиб ўтилган 2000 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилмагани ҳамда 7 миллиард маблағ талон-торож қилингани ҳолатлари бўйича Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади баёнотда.

Мавзуга оид