Жаҳон | 23:01 / 30.11.2021
21966
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик тадбиркор рафиқасига “Тож-Маҳал” қурдирди

Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида яшовчи 52 ёшли тадбиркор Ананд Чукси ўз рафиқаси учун машҳур Тож-Маҳал мақбарасининг кичрайтирилган нусхасини қурдирди. Эркак шундай антиқа йўл билан умр йўлдошини тўйлари санаси билан табриклашга қарор қилган.

Фото: ANAND PRAKASH CHOUKSEY

“Мини Тож-Маҳал” бир зумда оммалашиб кетди.

 “Бу рафиқам, шаҳримиз ва унинг аҳолиси учун совға”, деб айтган тадбиркор.

Унинг таъкидлашича, мақбаранинг кичрайтирилган нусхасини қуриш учун 20 млн рупий, яъни 260 минг доллар сарфланган.

Чуксининг уйи ҳудудида жойлашган Тож-Маҳал тезда ўзига сайёҳлар эътиборини тортди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, кўплаб одамлар унинг уйига бино фонида никоҳ фотосессияларини уюштириш ёки шунчаки суратга тушиш учун келишади.

“Мен бунга қарши эмасман, чунки шаҳримизда ҳамма бир-бирини танийди ва уйим эшиклари барча учун очиқ”, деб таъкидлаб ўтган Чукси.

Фото: ANAND PRAKASH CHOUKSEY

Шу билан бирга, ҳинд ҳар куни ҳам уйи ичкарисига одамларни киритмаслигини қўшимча қилган. “Уй бу уй, ахир биз бу ерда яшаймиз”, деб тушунтирган буни Чукси. Бироқ тадбиркор оиласи ўз уйи эшикларини вақти-вақти билан ташриф буюрувчилар учун очади.

Таъкидланишича, бинода турли қаватларда жойлашган 4 та ётоқхона, кутубхона ва медитация хонаси мавжуд. Жуфтлик бинони ҳақиқий Тож-Маҳалга имкони борича ўхшатишга ҳаракат қилган ва уни қуриш учун 3 йил вақт сарфлаган: эр-хотин бу мақсадда Тож-Маҳалга бир неча марта ташриф буюрган ва унинг ички деталларини батафсил ўрганган. Бинони барпо этишда, шунингдек, мақбаранинг уч ўлчовли суратларидан ҳам фойдаланилган. 

Тадбиркорнинг айтишича, у дастлаб рафиқасига 24 метр баландликдаги Тож-Маҳални совға қилмоқчи бўлган, бироқ маҳаллий ҳокимият бунга рухсат бермаган. Шундан кейин мақбаранинг 3 марта кичрайтирилган нусхаси барпо этилган.

Фото: ANAND PRAKASH CHOUKSEY

Чукси Тож-Маҳалдан илҳомланиб, унинг нусхасини яратган биринчи одам эмас. Таъкидланишича, 2013 йилда пенсияга чиққан маҳаллий амалдорлардан бири ўз рафиқаси учун мақбаранинг нусхасини қурдирган.

Тож-Маҳал Ҳиндистон шимолидаги Агра шаҳрида жойлашган бўлиб, XVII асрда Бобурийлар авлоди - подшоҳ Шоҳ Жаҳон томонидан кўзи ёриш вақтида вафот этган рафиқаси Мумтоз Маҳал Бегим учун қурдирилган.

Ушбу ёдгорлик Ҳиндистон рамзларидан бири ҳисобланади. Пандемиягача унга ҳар кун 70 мингга яқин одам ташриф буюрган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид