20:51 / 30.11.2021
16000

Лукашенко Қримни Россияники деб тан олди

Унинг сўзларига кўра, Қрим 2014 йилги референдумгача “де-факто Россияники” бўлган. 

Фото: РИА Новости

Беларусь президенти Александр Лукашенко Қрим “амалда ва юридик жиҳатдан Россияга тегишли” эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Қрим 2014 йилги референдумгача “де-факто Россияники” бўлган. 

“Қрим де-факто Россияники эканини ҳаммамиз билардик. Референдумдан кейин де-юре ҳам Россияники бўлди”, — деди Лукашенко.

У шунингдек, Россия президенти Владимир Путин билан яриморолга бирга бориш тўғрисида келишиб олганини айтди.

Лукашенко август ойида “Беларусь 1” телеканалига берган интервьюсида “Қачонки Россиядаги энг охирги олигарх Қримни тан олса ва у ерга ўз маҳсулотини етказиб беришни бошласа, мен ҳам тан оламан”, — деганди.

Аввалроқ Болгария президенти Румен Радев Қрим ҳозирда Россияга тегишли эканини айтганди.

2014 йил мартида Қримда референдум ўтказилиб, унинг натижаларига кўра яриморол Россиянинг ҳудудий қисмига, Севастопол эса федерал аҳамиятдаги шаҳрига айланган. Бу референдум натижаларини Украина ва халқаро жамоатчилик тан олмайди.

Top