20:30 / 04.12.2021
377392

30 йиллик ўзбек бренди – Ermak'ка ичкаридан назар

“Бизнес-класс” муваффақиятли тадбиркорлар оламига саёҳатларини давом эттиради. Навбатдаги манзилимиз – қарийб 30 йиллик тарихга эга, писта ва қурут маҳсулотларини биринчилардан бўлиб фабрика шароитида тайёрлай бошлаган Ermak компанияси.

Ermak – кунгабоқар уруғи, хандон писта, қурут, қуруқ мевалар, тешиккулчалар ва ширин кулчалар ишлаб чиқарувчи компания. Бренд нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари, АҚШ ва Исроил бозорларигача расман кириб борган.

Биз суратга олиш жараёнида писта ва қуруқ меваларни қадоқловчи, қурут тайёрловчи цехларда ва бош офисда меҳмон бўлдик, корхона фаолияти билан яқиндан танишдик. Компания раҳбарлари ускуналарнинг ишлаш тизими, хомашёнинг тайёр ҳолатга келгунига қадар босиб ўтиши керак бўлган босқичлари ҳақида бирма-бир сўзлаб беришди. Ermak бренди остидаги қурут, писта ё бошқа маҳсулотларни кунда-кунора истеъмол қилардиг-у, аммо унинг тайёрланиш вақтида кўплаб чиғириқлардан ўтиши ҳеч хаёлимизга келмаган экан.

Қуруқ мевалар бўлимида ҳафта кунлари маҳсулот турларига қараб бўлинган: бир кун ерёнғоқ, бошқа кун хандон писта қадоқланади. Кунгабоқар тайёрлаш бўлимида ҳам иш деярли тўхтамас экан: ускуналар тун-у кун ювиш, тозалаш, қадоқлашдан бўшамайди.

Компания иш бошқарувчиси Зафар Солиҳовнинг айтишича, маҳсулотларнинг табиий ва фойдали бўлиши – энг муҳим қоида.

“Ўтган йиллар давомида ишлаб чиқаришни жуда катта ҳажмга олиб чиқиш мумкин эди. Филиаллар, цехларни ўн баробар кўпайтириш имкони бор эди. Лекин бунда сифатни ушлаб турувчи “химикат”лардан фойдаланишга тўғри келиб қолади ва асосий бош шиоримиздан четга ўтиб қолишга мажбур бўлинар эди. Шунинг учун нисбатан кичикроқ ҳажмда бўлса ҳам, фойдали маҳсулот тайёрлаш йўли танланган”, – деди тадбиркор.

Ermak асосчиси Валижон бобо Салихов ҳам компаниянинг асосий қадрияти ҳақида гапирди.

“Табиий маҳсулотни табиий ҳолатда узоқ муддат сақлаб туриш – бу муаммо. Егуликнинг соғлиқ учун фойдали бўлиши биз учун жуда муҳим. Ишлаб чиқарилган ва қадоқланган Ermak қурутини эртага ёш болалар истеъмол қилишини биз яхши тушунамиз. Эҳтимол, бу менинг ўғлим ёки неварам бўлиши мумкин. Айнан шу туфайли мен ва компаниямизнинг ҳар бир ходими маҳсулот ишлаб чиқаришда ўзимиз, ўз болаларимиз тўғрисида ўйлаймиз”, – дейди у.

Валижон Бобонинг сўзларига кўра, 1992 йилда ташкил этилган корхона биноси ўша даврларда 30 минг купонга сотиб олинган.

“Совет даврида бизнес бошлаш ҳақида ўйлаш ҳам имконсиз эди. Мустақилликдан кейин бунга шароит пайдо бўлди. Уч киши билан иш бошлаганмиз. Аввалига сотув билан шуғулландик, кейин эса писта-қурут тайёрлашга ўтдик. Ҳам юк ташувчи, ҳам қадоқловчи, ҳам тозаловчи асосий масъулиятни ўзим бажарганман. Бир ҳисобчи ва ишчи ёрдамлашиб туришган. Шу уч кишидан ҳозир 300 кишига яқин катта бир оилага айланганмиз”, – дея ҳикоя қилади тажрибали тадбиркор.

Ташрифимизнинг энг қизиқ нуқтаси ходимлар билан учрашув жараёни бўлди. Қадоқловчи опалар компанияда 10-20 йиллардан бери ишлаб келишаётганини, жамоа ниҳоятда аҳил, бошлиқларнинг чиройли муносабатда эканига алоҳида тўхталишди.

“Бу ерда ишлаб уч қизни узатдим. Худога шукр, иш жойимдан, ойлик маошимдан жуда мамнунман. Ҳамкасабалар билан бир оиладек бўлиб кетганмиз. Иш вақти 8:00дан 17:00гача. Баъзида юмушлар, буюртмалар бироз кўпайиб, устама эвазига қўшимча ишлаб беришни таклиф қилишган вақтлар ҳам бўлиб туради”, – дейди Маъсуда Агзамова.

Агар Ermak сизнинг ҳам севимли брендларингиз қаторида бўлса ва компания фаолиятини ичкаридан ҳис қилишни истасангиз, кўрсатувни албатта кўринг. Бунинг учун ҳам яна бошқа рағбатлантириш ҳам бор:

Ermak компанияси “Бизнес-класс” томошабинлари учун махсус ютуқлар таклиф этади. YouTube'даги видео остига қолдирилган энг қизиқарли 10та изоҳ муаллифига Ermak'дан сара маҳсулотлар билан тўла саватчалар ҳадя этилади.

Муаллиф – Элдор Воҳидов.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Маҳмуд Солиев.

Top