Муслим Ҳакимов ғовакли ва қарсилдоқ нонларини қандай тайёрлашини кўриш учун тонг саҳарда йўлга чиқдик. Новвойга ҳамроҳлик қилиб, печкаларни созлаган ҳолда ишни бошлаб юбордик. Мақсадимиз ёнғоқли нон тайёрлаб кўриш эди.

Маълум бўлишича, жараён хамиртуруш билан бошланади, айнан хамиртуруш – новвойнинг бош маҳсулоти, усиз нон тайёрлаб бўлмайди. Қизиғи, бу хамиртуруш 4 йилдан бери ишлатилиб, “боқиб келинаётган” экан.

Кейинги босқичда тайёр маҳсулотларни хамир қориш ускунасига солиб, аралаштира бошладик. Хамир ҳароратини ўлчаган ҳолда сарёғ ва ёнғоқларни асталик билан қўшиб бордик. Хамир тайёр бўлгач, нон янада мазали чиқиши учун буғдой унидан ҳам фойдаландик. Печда пишган тайёр нонларни татиб кўриб, мазасига баҳо бердик.

Қаҳрамонимиз Муслим Ҳакимов новвойликка қандай келиб қолгани, Москвада орттирган тажрибаси билан ўртоқлашди.

Муслим Ҳакимов

“Чизишни жуда ёқтирганим учун мактабда архитектор бўламан, деб юрардим. Аммо ҳозир кўриб турганингиздек архитектор эмас, новвойга айландим. Аввал Чорсу бозорида кийим сотардим, ундан кейин 3-4 йил давомида савдо агенти сифатида “Pepsi” компаниясида ишлаб келдим. Кўп меҳнат қилганимга қарамай, натижа кўзга кўринмади.

Шунда қўлимдаги ошпазлик дипломи билан 2017 йилдан дўстим билан ресторанда иш бошладим. Лекин бу ишим ҳам узоқ чўзилмади. 2018 йили Москвага бориб, кондитор бўлиб ишлай бошладим. Ўша пайтлари мен франциялик машҳур новвойнинг китобини ўқиб, ундаги бизнесга боғлиқ барча сир-асрорларни ўрганиб борардим.

Катта ўзгаришлар қилиш учун Тошкентга қайтдим ва ўз хизматларимни “Cake Lab”, “BeFit” каби кафе-ресторанларга тармоқларига таклиф қила бошладим. Улардан ижобий жавоблар келгач, фаолиятимни бошлаб юбордим.

Албатта, бошида ҳаммаси осон кечмаган. Соҳани яхшилаб ўрганиб олишимча 2 йил вақт кетди, ўрганганларимни амалиётга татбиқ қилишга, хатоларимни тўғрилашга интилдим”, дейди суҳбатдошимиз.