Ўзбекистон | 07:44 / 04.12.2021
56730
4 дақиқада ўқилади

Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: Tengrinews.kz

Президент “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади.

Қуйидагилар ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш;
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорлик бўйича ихтисослашув ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш;
  • доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;
  • маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
  • маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашиш;
  • маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, уларга тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларни ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун уларга бириктириш;
  • аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиш;
  • маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашиш;
  • маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг (муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш, турли хил фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатномалар ва лицензиялар олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиш ва бошқалар) тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилишини ташкил этиш.

Барча вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ҳоким ёрдамчиларига уларнинг вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак бериш учун шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.

Мавзуга оид