Ўзбекистон | 22:31 / 04.12.2021
34469
10 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга совғалар, “бензин ислоҳоти” ва экс-вазирнинг омадсиз пиари — X-News

Чилонзор ҳокимиятига янги квартира, Тошкент ҳокимига эса шоҳона Mercedes совға қилишди, ниманинг эвазига? Ўзбекистонда АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатиладими? Ҳайдовчилар қайси жарималардан қутулди? UzAuto'нинг важлари нега шубҳали? Xpress лойиҳасининг навбатдаги ҳафта дайжестида шу ва бошқа мавзуларда сўз боради.

АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилади

Бензин нархи мавзуси ҳамон актуаллигини йўқотмаяпти. Монополияга қарши курашиш қўмитаси уларнинг аралашуви билан нарх тушаётгани ҳақида баёнотлар бераётган бўлса-да, аксарият шохобчаларда АИ-80 бензини нархи 8 минг сўм атрофида сақланиб турибди.

Қўмита эса биржадаги бензин нархи 10 кун ичида 20 фоизга пасайгани, айрим шохобчаларда АИ-80 бензини 6500 сўмгача арзонлашганини айтяпти. Лекин, масалан, Тошкентда бунақа нархга ёқилғи тополмайсиз. Энг арзони “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида – 6890 сўм. Бу нархда бензин қуйиш учун, биринчидан, навбат куриш керак; иккинчидан, кечга яқин шохобчаларда АИ-80 бензини тугаб қоляпти.

Энди буёғига ҳайдовчилар АИ-80 танқислигига кўникиб бораверишлари керак. Чунки бу маркадаги бензинни ишлаб чиқариш яқин орада бутунлай тўхтатилади. “Ўзбекнефтгаз” 1 декабр куни айни шу масалада россиялик ҳамкорлар билан музокара бошлаганини маълум қилди.

Музокараларда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80 ўрнига АИ-92 бензинини ишлаб чиқаришга ўтиш кўриб чиқиляпти. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган АИ-80 бензинининг 80 фоизи айнан шу заводдан чиқади.

Айримлар билмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистон – АИ-80дан фойдаланадиган саноқли давлатлардан бири. Аксарият давлатлар бунақа сифатсиз бензиндан аллақачон воз кечган. Ўзимизнинг UzAuto чиқарадиган машиналарнинг бирортасига ҳам аслида АИ-80 бензинини қуйиш мумкин эмас.

UzAuto Motors ички истеъмолчиларни камситяптими?

Ҳафта ҳайдовчилар учун янгиликларга бой бўлди. Улардан энг шов-шувлиси – UzAuto Motors яна минглаб мижозларига машиналарни вақтида етказиб бермагани бўлди.

Ноябр-декабр ойларига деб шартнома тузганлар яна 2 ой кутишга мажбур.

Мижозларга муносабатни қаранг: компания ноябр ойига деб тузилган шартномаларни ўзгартираётгани ҳақида ойнинг энг охирги кунидагина хабар қилди. Яъни бир неча минг харидор ойнинг охирги кунигача пуч умид билан кутган бўлиб чиқди.

UzAuto айтаётган сабаб – яна ўша яримўтказгичлар етишмовчилиги. Ва шу ерда бир нарсани тан олиш керак: микрочиплар етишмовчилиги қанчалик ҳақиқат бўлса, компания ўзбекистонлик харидорларни чет эллик мижозлардан паст кўраётгани ҳам шунчалик рост.

Ўзбеклар машина пулини олдиндан тўлаб қўйиб, ярим йиллаб навбат кутаётган бир пайтда, масалан Қозоғистонда UzAuto Motors машиналарини бемалол навбатсиз сотиб олиш мумкин.

Компания микрочиплар етишмовчилиги ҳақида анчадан бери гапиради. Лекин рақамлар ҳақиқатни кўрсатиб турибди: UzAuto 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида бир йил олдингига қараганда 2 баробар кўп автомобил экспорт қилган.

Ҳайдовчилар учун хушхабарлар

Яхши янгиликлар ҳам йўқ эмас. Ниҳоят, 2022 йил 1 мартдан бошлаб, машина бошқараётган пайтда фақат паспортингиз ёнингизда бўлса бас. Ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, ишончнома ва суғурта полиси уйингизда тураверса ҳам бўлади.

Сизни тўхтатган ЙПХ ходими паспорт ёки ID картангизга қараб ҳужжатларингиз жойидами-йўқми, ўзи планшетидан текшириб олаверади.

30 ноябр куни президент имзолаган қонунда бошқа янгиликлар ҳам бор:

  • Автомобил бошқараётганда қўлни банд қилмайдиган қулоқчин ва бошқа bluetooth гарнитуралар орқали телефонда гаплашишга рухсат берилди.
  • Энди автомобилнинг олд қисмига монитор ўрнатиш ҳам мумкин. Лекин эътибор беринг, ҳаракатланаётган пайтда мониторда видео кўрганлик учун жарима сақланиб қоляпти. Ҳаракат пайтида монитордан фақат GPS-навигатор сифатида фойдаланиш мумкин.
  • Бундан ташқари, мажбурий суғурта полисини олмаслик, йўловчиларни лицензиясиз ташиш ва паспорт тизими қоидаларини бузиш учун жарималар миқдори камайтирилди.

Энди тезлик ошириб юборилган барча ҳолатларда радар қайд этган тезликдан 5 км/соат айириб жазо қўлланади. Бу – автомобил спидометри ва радарларда учраши мумкин бўлган техник хатолар билан боғлиқ.

Бунақа тартиб янги қонун қабул қилинмасидан олдин ҳам бор эди, лекин ҳайдовчиларнинг зиёнига нотўғри қўлланаётганди. Қоидага кўра, тезлик 70 км/соатгача деб белгиланган жойда ҳайдовчи 75 км/соат тезлик билан радарга тушса, унга жарима ёзилмайди. Жарима тезлик 76га етганидан бошлаб ёзилади.

Лекин худди шу ҳолатда ҳайдовчи белгиланган тезликдан 20 км/соат кўпроқ – 91 ёки 95 тезлик билан радарга тушса, 270 минг эмас, 1 млн 350 минг сўм жаримага тортилаётганди. Янги қонун билан хато тўғриланди, лекин адолат қарор топди дея олмаймиз. Бунинг учун ҳайдовчилардан нотўғри ундириб келинган пуллар уларга қайтариб берилиши керак.

“Автомобил тарихи” лойиҳаси эълон қилинди

Навбатдаги хушхабар ҳам ҳайдовчиларга тааллуқли. Машинабозордан машина сотиб олаётганда унинг тарихи ҳақида давлатдан маълумот олиш мумкин бўлади. Бу ҳозирча лойиҳа, тизимни 1 январдан ишга тушириш мўлжал қилинган.

“Автомобил тарихи” тизими ишга тушса, минилган машинани хотиржам харид қилиш мумкин бўлади. Яъни у орқали машинанинг йўл транспорт ҳодисасида қатнашмагани, кузов рақами, тахминий юрган масофаси, гаровда ёки тақиқда эмаслиги, бу машина учун йўловчи ташиш лицензияси олинмагани, яъни таксистлик қилинмаганини текшириш мумкин бўлади.

Давлат хизматининг нархи 54 минг сўм бўлиши режа қилиняпти.

“Права”ни сотиб олиш ҳолатларига қарши янги тизим

Ўзбекистонда йилига 2 минг киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлиши ҳақида аввалги кўрсатувларимизда айтган эдик. Бу фожиали рақамнинг бунчалик катталигига сабаблардан бири – бизда ўқимасдан ҳам “права” олса бўлади.

Пайшанба куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилик имтиҳонларини ўтказадиган хусусий марказлар фаолияти бошланаётганини эълон қилди.

Эълонда айтилишича, хусусий марказларда имтиҳонлар ТЎЛИҚ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали ўтказилади. Бу – назарий ва амалий имтиҳонлардаги коррупцион ҳолатларга чек қўйиши айтиляпти.

Янги тизим ўқимасдан ҳам имтиҳонга келиб, пулини тўлаб, “права”ни олиб кетавериш ҳолатларига чек қўйиши керак. Ўқимасдан туриб имтиҳондан ўтиб бўлмайди деган тушунча пайдо бўлса, одамлар бора-бора барибир яхшироқ ўрганишга мажбур бўлади, ҳайдовчилик мактабларидан ҳам шуни талаб қилади. Эскича ишлашга ўрганиб қолган ҳайдовчилик мактаблари ҳам ўзгариши керак, халқаро тажрибага асосланган янги тизим уларни шунга мажбур қила олади деб умид қиламиз.

Демак, бу хабарни ҳам бемалол яхши янгиликлар қаторига қўшсак бўлади, чунки йўллардаги ўлимларни камайтиришга қаратилган ҳар қанақа чора олқишга сазовор.

Тадбиркор нега Чилонзор туман ҳокимлигига янги совға қилди?

Тошкентда ғалати ишлар бўляпти. Аввалига бир тадбиркор ўзига тегишли уйни, кўп ўтмай бошқа бир фуқаро ўз қимматбаҳо машинасини ҳокимиятга совға қилди. Одамлар эса ҳайрон: бу ватанпарварликми ё коррупциянинг бир кўриниши?

Дастлаб, Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган қурувчи компания – “AST LIDER” МЧЖ ўзига тегишли 3 хонали квартирани туман ҳокимлигига совға қилди. Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган, янги қурилган кўп қаватли уйдаги квартира майдони – 95 метр квадрат.

11 ноябр куни Чилонзор ҳокими Шавкат Мавлонов қарор чиқариб, совғани қабул қилиб олишни ва квартирани тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Икром Тиллаевга хизмат уйи сифатида бириктириб беришни буюрган.

Бу ерда учта масала бор. Биринчи масала, ҳоким қарори чиққан пайтда уй берилган Икром Тиллаев қарорда ёзилган мансабидан кетиб бўлган эди. Подполковник Тиллаев Чилонзорнинг бош мелисаси лавозимига 2018 йил августда келган. 2021 йил августда эса бу лавозимга подполковник Фарҳод Жабборов тайинланган.

Иккинчи масала – туман ҳокими Шавкат Мавлонов ва Икром Тиллаев ўртасидаги боғлиқлик. Шавкат Мавлонов фаолияти давомида ички ишлар тизимида катта лавозимларда ишлаган. У 2017 йилда Чилонзор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи бўлганида, Икром Тиллаев унинг биринчи ўринбосари эди. Орадан 4 йил ўтиб, у собиқ ҳамкасбини тадбиркор орқали хизмат уйи билан таъминлади.

Учинчи ва энг асосий масала эса – нега тадбиркор ўзидан ўзи ҳокимиятга уй совға қилган? Бу ватанпарварликми ё уни мажбурлашганми ёки бу ерда “сиздан угина, биздан бугина” тамойили ишлаяптими?

Mercedes Benz S500 ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Фуқароларнинг ҳокимиятга совға бериши билан боғлиқ яна битта ҳолат шу ҳафта рўй берди. Латипова Зиёда Баҳромовна исмли фуқаро ўзининг 200 минг доллардан қиммат турадиган Mercedes-Benz S500 гибрид русумли автомобилини Тошкент шаҳар ҳокимлигига тортиқ қилди.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 ноябр кунги қарори билан машинани ҳокимлик балансига олишни буюрди.

Интернетда ёзишларича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев октябр ойида “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган MotorFest кўргазмасига айнан шу машинада келган. У ўзига тегишли автомобилдан ҳокимликда хизмат машинаси сифатида фойдаланишга қарор қилган бўлиши мумкин, чунки унинг даражасидаги давлат амалдори учун 50 минг доллардан қиммат турадиган хизмат машинаси сотиб олиш тақиқланган.

Хўш, ўзи умуман Тошкентнинг бизнесмен ҳокими қанақа машинада юради? Бу ҳақдаги маълумот ҳокимлик сайтида йўқ. Бу эса президент фармонига зид. 1 июлдан барча давлат органларига ўзларининг машиналари ва улар билан боғлиқ харажатларни расмий сайтларига жойлаб бориш буюрилган.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид