Ўзбекистон | 10:16 / 04.12.2021
12337
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура Хоразм вилоятидаги тендер бўйича очилган жиноят иши ҳақида маълумот берди

Фото: Kun.uz

Хоразм вилояти прокуратураси қурилиш объектлари бўйича тендерда вилоят ҳокими ўринбосарининг укаси раҳбарлик қилаётган ташкилот ғолиб бўлганлиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

«Хоразм вилояти прокуратураси томонидан 2021 йил февраль ойида «Xorazm invest xolding» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а, в» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида «Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш» бўйича 20 млрд сўмлик давлат буюртмаси юзасидан ўтказилган тендерда Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Баҳром Қурбонов раислик қилганлиги ва тендер натижаси бўйича унинг укаси Улуғбек Қурбоновга тегишли бўлган «Бунёдкор» МЧЖ ғолиб бўлганлиги ҳолати тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган.

Аниқланишича, вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг буюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг «Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази» томонидан ўтказилган, бошланғич нархи 20,3 млрд сўм бўлган «Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш» объекти бўйича «Бунёдкор» МЧЖ, «Урганч қурилиш бетон» МЧЖ ва «Ирдимзон қурилиш» хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган. 2020 йил июнь ойидаги тендер натижаларига кўра, «Бунёдкор» МЧЖ 20,1 млрд сўм таклиф қилган ҳолда 100 балл тўплаб, танловда ғолиб бўлган.

Шунингдек, ушбу тендерда комиссия раиси Баҳром Қурбонов хизмат сафарида бўлганлиги сабабли иштирок қилмагани ҳамда «Бунёдкор» МЧЖ номидан жамият вакили Б.Саидов ишончнома асосида қатнашгани аниқланган.

Бундан ташқари, тендер ҳужжатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилиб, тендер қонуний ўтказилгани, тендер ҳужжатларини баҳолаш тўғри амалга оширилгани, шу сабабли тендер савдосини ноқонуний ўтказилган деб ҳисоблаш мумкин эмаслиги ҳақида хулоса тақдим қилинган.

Қайд қилинганларга кўра, тендер танловида бирор шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли, жиноят ишининг вилоят ҳокими ўринбосари Баҳром Қурбонов ва «Бунёдкор» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган бир қисми Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.

Шунингдек, тендер натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳамда «Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Маркази»га тақдимномалар киритилган», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид